Индонезияликлар “Умра+” дастури асосида Самарқандни зиёрат қилади
Ташриф билан юртимизда бўлиб турган Индонезия Республикаси Халқ маслаҳати кенгаши раиси Аҳмад Музани бошчилигидаги делегация бугун Самарқандда вилоят ҳокими Адиз Бобоев билан учрашди.
Мулоқот чоғида ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш, хусусан, зиёрат туризми йўналишида алоқаларни кенгайтириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Томонлар индонезиялик зиёратчиларнинг Самарқандга сафарларини, айниқса, Имом Бухорий мажмуасига ташрифини янада самарали ташкил этиш, бу борада тажриба алмашиш ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш юзасидан фикр алмашди.
– Индонезия билан савдо-иқтисодий ҳамкорликни кучайтириш, туризм соҳасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш икки томон учун ҳам манфаатли бўлиши шубҳасиз, – деди А.Бобоев. – Хусусан, “Умра+” дастури асосида индонезиялик мусулмонларнинг Самарқандга келиб, Имом Бухорий ва бошқа муқаддас қадамжоларимизни зиёрат қилиши томонлар учун бирдек иқтисодий самара беради. Кейинги йилларда таълим ва маданият соҳаларидаги ҳамкорлигимиз ҳам кенгайиб бораётганидан мамнунмиз. Бу борадаги алоқаларни истиқболли йўналишларда изчил давом эттиришга тайёрмиз.
Аҳмад Музани вилоят ҳокими Адиз Бобоев бошчилигидаги вилоят делегациясининг йил аввалида Индонезияга ташрифи чоғида билдирган таклифи асосида Самарқандга келганини алоҳида таъкидлаб, ушбу қадимий шаҳарда бўлиб турганидан хурсандлигини билдирди.
– Ўзбекистонга келишдан аввал узоқ муддатли саёҳатимиз кунларини қисқартиришни муҳокама қилган эдик, лекин бугун бундан афсусланиб, кейинги ташрифимизни кўп кунлик қилишни режалаштиряпмиз, – деди Индонезия Халқ маслаҳати кенгаши раиси Аҳмад Музани. – Саёҳатимиз қисқа бўлса-да, самарали ўтди, ўзаро ҳамкорлигимизни кенгайтириш борасида муҳим келишувларга эришдик. Жумладан, “Умра+” дастури биз учун ҳам ўта муҳим. Аҳолимизнинг 244 миллионини мусулмонлар ташкил қилади ва улар учун Самарқанд йўналиши қизиқарли бўлиши табиий. Шунинг учун биз билан Ўзбекистонга келган диний уламоларимиз зиёрат туризмини амалга ошириш бўйича шу соҳа масъуллари билан фикр алмашяпти. Бунинг натижаси тез орада Самарқандда индонез ресторанлари кўпайиши, бозорларда индонез тилида сўзлашувчилар сони ортиши билан ҳам намоён бўлиши шубҳасиз.
Учрашувда иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, хусусан, тўғридан-тўғри авиарейсларни амалга ошириш бўйича таклифлар билдирилди. Самарқанд вилояти ҳокими тез кунларда самарқандлик тадбиркор томонидан Индонезияда миллий таомлар ресторани очилишини маълум қилди.
[gallery-30227]
Ташриф дастури доирасида делегация аъзолари Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Самарқанд вилояти диний соҳа масъуллари ва уламолар билан учрашув ўтказди. Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилиб, жума намозини ушбу маскандаги масжидда адо этди.
Индонезия делегацияси Самарқанд вилоятининг саноат ва инвестицион салоҳияти билан яқиндан танишиш мақсадида йирик ишлаб чиқариш заводлари, мева-сабзавот маҳсулотларини қадоқлаш ва қайта ишлаш корхоналарида ҳам бўлди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари