Ёшлар билан очиқ мулоқот ташкил этилди
30 июнь – Ёшлар куни муносабати билан Нукус шаҳри ҳокимлигида Ўзбекистон Халқ демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши ҳамда халқ депутатлари шаҳар Кенгаши ҳамкорлигида ёшлар билан учрашув ташкил этилди.
Тадбир давомида мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсатини янада такомиллаштириш, уларнинг бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, таълим ва касб-ҳунар эгаллаши учун яратилаётган имкониятлар, шунингдек, ижтимоий-сиёсий жараёнларда ёшларнинг фаол иштирокини таъминлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида атрофлича маълумот берилди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 30 июнь – Ёшлар куни муносабати билан ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгиланган устувор вазифаларнинг мазмун-моҳияти, ёшлар сиёсатидаги янгича ёндашувлар ҳамда мутасадди ташкилотлар олдига қўйилган вазифалар қайд этилди.

Учрашувда ёшларга маҳаллий Кенгашларнинг иш тартиби, депутатлар фаолияти, уларнинг сайловчилар билан олиб бораётган ишлари ҳақида кенг тушунчалар берилди ҳамда Кенгашнинг моддий-техник базаси таништирилди. Сўнгра Ўзбекистон ХДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши томонидан ёшлар билан ишлаш йўналишида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида тақдимот ўтказилди.

Хусусан, Қорақалпоғистон Республикасида бугунги кунда Ўзбекистон Халқ демократик партияси аъзолари сони 68 минг 619 нафар бўлиб, шундан ёшлар сони 34 минг 137 нафарни, жами партия аъзолари сонининг 42 фоизини ташкил этади. Бу ҳам партиянинг ёшлар билан яқин ҳамкорлигини билдиради. Шунингдек, партия ташаббуси билан ўтказиб келинаётган “Сиёсатдаги ёшлар” интеллектуал турнири, “Депутат ва ёшлар,” “Раҳбар ва ёшлар”, “Қаторимиздаги ёшлар”, “Ёшлар - соғлом турмуш тарафдори” номли лойиҳалар ёшларнинг сиёсий билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш, уларнинг қонун ижодкорлиги ва давлат бошқарувидаги иштирокини кенгайтириш, ватанпарварлик руҳини тарбиялаш ҳамда фаол ёшларни қўллаб-қувватлашда ўз самарасини бермоқда.

Учрашув давомида ёшлар ўзларининг фикр ва таклифларини билдириб, қизиқтирган саволларига жавоб олишди.
Тадбир якунида партиянинг тарғибот-ташвиқот ишларида фаол иштирок этиб келаётган бир гуруҳ ёшларга Ўзбекистон ХДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси номидан байрам табриги ўқиб эшиттирилди. Уларга “Ташаккурнома”, партиянинг эсдалик совғалари шунингдек, партия сафига янги қабул қилинган ёшларга аъзолик гувоҳномалари топширилди. Уларнинг келгуси фаолиятида омадлар тиланди.
Мазкур учрашув ёшларнинг фикр ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, улар билан ҳамкорликни тизимли олиб бориш ҳамда мамлакатимизда амалга оширилаётган ёшларга оид давлат сиёсатини, партиянинг дастурий мақсад ва вазифаларини кенг жамоатчиликка етказишда муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири