In-vitro картошка: Ўзбекистонда ҳосилдорлик 30 тоннагача оширилади (+видео)
Илм-фан ва амалиёт уйғунлиги: Ўзбекистонда "in-vitro" усулида етиштирилган картошканинг илк ҳосили йиғилмоқда. Бу мамлакат картошкачилигида янги саҳифа очмоқда.
Тошкент вилоятидаги Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти олимлари кореялик ҳамкасблари билан ҳамкорликда инновацион "in-vitro" усулида етиштирилган картошканинг дастлабки ҳосилини йиғиб олишни бошлади. Илмни амалиётга татбиқ этиш натижасида юқори самарадорликка эришилди. Муассаса ушбу илк ҳосилдан 4 миллион дона мини-туганак олишни режалаштирган.
Илмий муассасада картошканинг серҳосил, касалликларга чидамли ва маҳаллий иқлим шароитига мос мини-туганаклари илк бор иссиқхона шароитида катта ҳажмда кўпайтирилди. Жумладан, умумий 105 та енгил конструкцияли иситилмайдиган иссиқхонада (ҳар бири 2.5 сотихдан) «in-vitro» усулида етиштирилган ўсимликлар парвариш қилинди. Йиғиб олинган мини-туганаклар дастлаб ташқи муҳитга мослаштирилади, сўнгра мамлакат далаларида уруғлик учун яна кўпайтирилади. Келгусида бу уруғликлар шартнома асосида уруғчилик хўжаликларига бепул етказиб берилади ва табиий шароитда экиш учун тайёрланади.

Мазкур лойиҳа 2025 йил 8-сентябрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Республикада картошка етиштиришни кўпайтириш ва уруғчилигини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида янги босқичга кўтарилди. Ушбу ҳужжатга мувофиқ, 2028 йилдан бошлаб ҳар йили камида 10 миллион дона, унувчанлик даражаси 85 фоиздан паст бўлмаган картошка мини-туганаклари етиштирилиб, хўжаликларга етказиб бериш режа қилинган. Лекин бу марра жорий йилнинг ўзида уддаланади. Натижада 2030 йилга бориб республикада картошканинг ўртача ҳосилдорлигини ҳозирги 16-17 тоннадан 25-30 тоннага ошириш имкони яратилади. Табиий муҳитга тўлиқ мослаштирилган мини-туганаклардан тайёрланган уруғликлар август ойларида фермер хўжаликлари далаларига етказиб берилади.

Ушбу лойиҳанинг илмий-тадқиқот институтида ишга туширилиши туфайли 25 та доимий иш ўрни яратилди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/mJVlptWpG2Q" title="Kartoshkadan 4 mln mini - tuganak" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Санжар Тошпўлатов,
Ойбек Давронов,
Улуғбек Тўхтаев, ЎзА