Имконият яратиш баробарида ёшларнинг ундан фойдаланишга бўлган ишончи ҳам муҳим
Бугун дунёда геосиёсий зиддиятлар, қуролли можаролар, иқлим ўзгариши, иқтисодий тенгсизлик ва ижтимоий беқарорлик тобора кескин тус олаётган бир пайтда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни қўллаб-қувватлаш долзарб аҳамиятга эга. Шу маънода Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган Парламентлараро Иттифоқнинг XII Ёш парламент аъзолари бутунжаҳон конференцияси ёшларни бирлаштириш, уларнинг овозини, ташаббусларини глобал даражага олиб чиқишда муҳим платформа бўлиб хизмат қилади.
Мазкур анжуман ҳамда юртимизда ёшларга яратилаётган кенг имкониятлар аҳамияти борасида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ёш депутатларидан бири Мадина Баратова ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди:
— Менимча, бугунги ёшлар учун энг муҳим тушунчалардан бири — тенг имконият. Қаерда туғилганимиз, қайси ҳудудда яшашимиз ёки оиламизнинг имконияти келажагимизни олдиндан белгилаб қўймаслиги керак. Ёш инсонда билим, қобилият ва ҳаракат бўлса, унинг олдида таълим олиш, касб эгаллаш, илм билан шуғулланиш, тадбиркорликни бошлаш ёки давлат ва жамият бошқарувида иштирок этиш учун реал йўл бўлиши керак. Ўзбекистонда ёшлар сиёсатининг бугунги босқичини айнан имкониятларни кенгайтириш жараёни сифатида кўраман.
Президентимизнинг конференция иштирокчиларига йўллаган табригида мамлакатимиз аҳолисининг қарийб 56 фоизини ёшлар ташкил қилиши қайд этилди. Бу жуда катта куч. Лекин ёшлар сонининг кўплиги ўз-ўзидан устунлик бермайди. Агар бу авлод сифатли таълим олса, замонавий касб ва технологияларни эгалласа, мустақил фикрласа ва жамият ҳаётида фаол бўлса, шундагина бу демографик имконият катта тараққиёт ресурсига айланади.
Шу маънода ёшлар учун қилинаётган ҳар бир инвестиция аслида мамлакатнинг эртанги рақобатбардошлигига киритилаётган инвестициядир. Бугун ёш қизлар учун ҳам имкониятлар доираси кенгаймоқда. Илм-фан, технология, муҳандислик, тадбиркорлик, давлат бошқаруви каби илгари қизлар камроқ кўринадиган соҳаларга янги авлод вакиллари дадил кириб келмоқда.
Бироқ бу борада ҳали қиладиган ишларимиз кўп. Айниқса, ҳудудлардаги қизларнинг сифатли таълим, хорижий тил, рақамли кўникма, менторлик ва профессионал тармоқларга кириш имкониятларини янада кенгайтириш керак. Имконият яратиш билан бирга, ёшларнинг ўша имкониятдан фойдаланишга бўлган ишончини ҳам кучайтириш муҳим.
Президент табригидаги дунёнинг ТОП-100 олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган ўзбекистонлик ёшлар сони 3,5 минг нафардан ошгани ҳақидаги кўрсаткич менда алоҳида таассурот қолдирди. Бу минглаб ёшларнинг дунёнинг энг кучли академик муҳитида билим ва тажриба олаётганини англатади.
Кейинги муҳим масала — бу билимни Ўзбекистон тараққиёти билан боғлаш. Хорижда ўқиётган ёшлар билан мунтазам алоқада бўлиш, уларни мамлакатдаги лойиҳалар, илмий марказлар, давлат идоралари ва хусусий сектор билан боғлаш орқали жуда катта интеллектуал тармоқ яратиш мумкин.
Инсон ҳуқуқлари ҳақида ҳам ёшлар тилида содда гапиришимиз керак. Ҳуқуқ — бу фақат қонун китобидаги модда эмас. Бу ёшнинг сифатли таълим олиши, ишга киришда адолатли имкониятга эга бўлиши, фикрини эркин билдира олиши, интернетда шахсий маълумотлари ҳимояланиши, зўравонлик ва камситишдан холи яшаши демакдир. Самарқанд конференцияси ана шу масалаларни турли давлатлар тажрибаси асосида очиқ муҳокама қилиш учун яхши имконият бўлди.
Муҳтарама Комилова ёзиб олди, ЎзА