Арзон ва сифатли маҳсулот ишлаб чиқариш занжири яратилгани дастурхонлар тўкинлигини таъминланмоқда
Президент ташрифидан сўнг...
Рўзғоримиздаги тўкинликни гўшт, сут-қатиқ ва тухумсиз тасаввур этиб бўлмайди. Мўл-кўлчилик бевосита мана шу маҳсулотларнинг бозорларимиздаги нархи ва етарлилиги билан ўлчанади.
Биз кундалик ҳаётда сотиб оладиган бир килограмм гўшт ёки бир литр сутнинг ортида қанчадан-қанча меҳнат, қандай катта ислоҳотлар ва давлат томонидан кўрилаётган тизимли чора-тадбирлар ётибди.
Юртдаги озиқ-овқат хавфсизлиги ва нарх-наво барқарорлиги кўп нарсани белгилайди. Бу ҳар бир хонадоннинг кундалик бюджети, фарзандларимизнинг соғлом ўсиши ва юртимиздаги ижтимоий хотиржамлик дегани. Жаҳон тажрибасига назар ташласак, Австралия, Янги Зеландия ёки Нидерландия каби чорвачилик ривожланган давлатларда озиқ-овқат хавфсизлиги айнан интенсив ва кластер усулида чорва боқиш орқали таъминланган. Уларда молни яйловда шунчаки ўтлатиб қўйиш усулидан воз кечилганига кўп йиллар бўлган. Илмий асосланган парвариш ва наслдорликни яхшилаш биринчи ўринга олиб чиқилган. Натижада кам озуқа ва вақт сарфлаб, икки баравар кўп маҳсулот олишга эришилмоқда.
Бугун Ўзбекистонда ҳам айнан ана шундай илғор халқаро тажрибага таянган ҳолда чорвачиликни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг мутлақо янги тизими шакллантирилмоқда. Мамлакатимизда қабул қилинган тегишли ҳужжатлар асосида чорвачилик, паррандачилик ва балиқчилик билан шуғулланувчи тадбиркор ҳамда хўжаликларни бевосита молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича самарали механизмлар ишга туширилди.

Масалан, хўжаликларга наслдор чорва молларини харид қилишда давлат томонидан субсидиялар ажратилиб, маҳаллий наслчилик корхоналаридан сотиб олинган ҳар бир бош қорамол учун маълум миқдордаги сумма қоплаб берилмоқда.
Лекин тармоқда фақат чорва сонини ошириш билан иш битмайди. Унга етарли озуқа ва замонавий технология керак. Шу боис, соҳага замонавий технологияларни жорий этиш ва йирик лойиҳаларни молиялаштириш учун Осиё тараққиёт банкининг кредит маблағлари йўналтирилиб, тадбиркорларнинг истиқболли инвестиция лойиҳалари ҳаётга татбиқ этилмоқда.
Чорвачиликнинг энг муҳим бўғини бўлган озуқа базасини мустаҳкамлаш мақсадида эса пахта-тўқимачилик кластерлари ва фермер хўжаликлари экин майдонларининг муайян қисмига озуқабоп экинлар экилиши таъминланди. Илгари чорвадор учун энг катта муаммо ер ва озуқа танқислиги эди. Эндиликда озуқа маҳаллий шароитда етиштирилмоқда.
Соҳадаги яна бир муҳим бўғин инсон омили ва логистика саналади. Чорвачиликда замонавий технологияларни тушунадиган, сут соғиш ва чорва агротехникасини биладиган малакали кадрларсиз юқори маҳсулдорликка эришиб бўлмайди. Шу сабабли соҳада малакали кадрлар тайёрлаш ва мутахассислар малакасини оширишга эътибор кучайди.
Тадбиркорнинг энг катта харажатларидан бири бўлган логистика масаласи ҳам давлат эътиборидан четда қолмади. Маҳсулот етиштирувчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида паррандачилик ва чорвачилик маҳсулотлари ҳамда озуқа компонентларини ташишда транспорт тарифларига имтиёзли чегирмалар берилди. Бу тадбиркорнинг логистика харажатларини сезиларли даражада енгиллаштириб, истеъмолчига арзонроқ ва сифатли маҳсулот етиб боришига мустаҳкам замин яратмоқда.
Мана шундай тизимли давлат қўллаб-қувватлови ва яратилган имкониятларнинг амалий натижасини қаерда кўришимиз мумкин? Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманида фаолият юритаётган “Наманган қўйчилик кластери” бунга ҳаётий мисолдир.

Лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 январдаги “Чорвачилик тармоғини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган кенг имкониятлар туфайли амалга ошди.
– Умумий қиймати 35 миллион доллар бўлган ушбу ташаббусимиз туман ҳудудидан ажратилган 10 гектар ер майдонида йўлга қўйилди, – дейди кластер раҳбари Рустам Турғунов. – Лойиҳанинг дастлабки босқичи самарали ташкил этилди. Биринчи босқичда хориждан 15 минг бош наслдор қўй олиб келинган бўлса, иккинчи босқич якунида чорва сонини яна 35 минг бошга кўпайтириш ва умумий сонини 50 минг бошга етказиш режалаштирилган. Бу ерда юқори маҳсулдорликка эга бўлган “Арашан”, “Ҳисор” ва “Адельбай” зотларини маҳаллий иқлим шароитига мослаштириш кўзда тутилган.
Келинг, ушбу кластернинг технологик кўрсаткичлари ва рақамларига чуқурроқ назар ташлайлик. Анъанавий чорвачиликда оддий маҳаллий қўй маълум вазнга етиши учун жуда кўп вақт, озуқа ва майдон талаб этилади. Агро-кластерда жорий этилаётган замонавий парвариш технологиялари ва илмий ёндашув орқали гўшт етиштириш ҳажми ҳамда сифатини сезиларли даражада ошириш имконияти пайдо бўлди. Лойиҳанинг технологик кўрсаткичларига кўра, хориждан олиб келинган 40-50 килограмм вазндаги қўйларни бор-йўғи уч ой давомида интенсив усулда боқиш орқали уларнинг вазнини 100 килограммгача етказиш режалаштирилган.
Бу нимани англатади? Бу ҳар бир бош қўйдан 60-70 килограммгача соф гўшт олиш демакдир. Математикаси оддий. Анъанавий чорвачиликка нисбатан маҳсулдорлик 45-50 фоизга ошади. Лойиҳа тўлиқ қувват билан ишга тушганидан сўнг биргина Наманган вилоятида йилига 35-40 минг тонна сифатли гўшт маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши таъминланади. Бу бозорларимизга кириб борадиган минглаб тонна сифатли гўшт, нарх-навонинг барқарорлиги кафолати саналади.
Кластернинг ижтимоий ва иқтисодий жиҳатдан яна бир катта аҳамияти бор. Мажмуада 280 та янги доимий иш ўрни яратилиши ҳамда 95 та камбағал оила вакилларининг бандлиги таъминланиши маҳаллий аҳоли фаровонлигини оширишга бевосита хизмат қилади. Мамлакатимизда камбағалликни қисқартириш бўйича олиб борилаётган давлат сиёсати айнан шундай манзилли ва аниқ лойиҳалар орқали амалга ошади. Оила бошлиғи муносиб маошга эга бўлса, унинг оиласида қут-барака бўлади.

Шунингдек, мажмуа негизида замонавий логистика хизматлари, ветеринария ва сервис шохобчалари ҳамда маҳсулотларни тўғридан-тўғри сотишга мўлжалланган савдо нуқталари барпо этилмоқда. Натижада яхлит ва узлуксиз кластер занжири яратилади. Яъни “даладан-дастурхонгача” бўлган бу занжир орадаги асоссиз воситачиларни чиқариб ташлайди. Бу ўз-ўзидан гўшт ва сут маҳсулотларининг истеъмолчига энг мақбул ва арзон нархларда етиб боришини таъминлайди.
Давлатимиз раҳбари жорий йилнинг июнь ойида Наманган вилоятига ташрифи чоғида ушбу корхона фаолияти билан ҳам бевосита танишган эди. Давлат раҳбари мазкур тажриба чорвачилик тармоғини ривожлантириш, ички бозорни сифатли гўшт маҳсулотлари билан таъминлаш ва аҳоли бандлигини оширишда ғоят фойдали эканини алоҳида қайд этганди. Президент ушбу Тўрақўрғон тажрибасини бутун мамлакат бўйлаб оммалаштириш бўйича муҳим топшириқ берди.
Нега бу тажрибани бутун мамлакатга ёйиш зарур? Чунки Ўзбекистон аҳолиси йилдан-йилга ўсиб бормоқда. Аҳоли сонининг кўпайиши озиқ-овқат, айниқса, оқсилга бой гўшт ва сут маҳсулотларига бўлган талабни табиий равишда оширади. Агар биз чорвачиликни эскича, тарқоқ усулда юритишда давом этсак натижа кутилганидек бўлмайди. Бу тажриба эса чекланган майдонда ҳам илм, замонавий ген-инженерия, интенсив боқиш ва тўғри кластер тизими эвазига қандай қилиб юқори маҳсулдорликка эришиш мумкинлигини кўрсатиб берди.
Икром АВВАЛБОЕВ,
ЎзА мухбири