«Imkon» марказлари: болаларга умид ва имкониятлар эшиги очилмоқда (+видео).
Алоҳида эҳтиёжга эга болалар учун тиббий ва ижтимоий реабилитация хизматларини ривожлантириш, уларни махсус мактабгача таълим билан қамраб олиш, коррекцион машғулотларни йўлга қўйиш ҳамда комплекс қўллаб-қувватлаш тизимини кенгайтириш бугунги кунда давлат ижтимоий сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Шу мақсадда мамлакатимизда замонавий ёндашувлар асосида фаолият юритаётган «Imkon» марказлари тармоғи изчил кенгайтирилмоқда.
2026 йил 2 июнь куни Қибрай туманида жойлашган алоҳида эҳтиёжга эга болаларни реабилитация қилишга ихтисослашган «Imkon» марказида республика бўйлаб замонавий реабилитация марказлари тармоғини ривожлантиришга бағишланган медиа-тақдимот бўлиб ўтди.
Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташкил этди. Унда оммавий ахборот воситалари вакиллари, блогерлар, жамоатчилик фаоллари ҳамда соҳа мутахассислари иштирок этди.
Тадбир доирасида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева марказ фаолияти билан яқиндан танишиб, болалар учун яратилган шарт-шароитлар, реабилитация жараёнлари ҳамда таълим йўналишларини кўздан кечирди.
Бугунги кунда «Imkon» марказлари Нукус, Қибрай, Қарши ва Навоий шаҳарларида самарали фаолият юритмоқда. Шунингдек, Навоий шаҳрида «Umid» маркази ҳам хизмат кўрсатмоқда.
Марказлар бир маконда бир неча муҳим йўналишни қамраб олади: тиббий ва ижтимоий реабилитация, махсус мактабгача таълим, коррекцион машғулотлар, ота-оналарни қўллаб-қувватлаш ҳамда оилага комплекс ёрдам кўрсатиш.
Марказларда юқори технологияли реабилитация ускуналари, сенсор интеграция заллари, акватерапия ва эртак терапияси хоналари, шунингдек, махсус машғулот майдонлари фаолият юритмоқда. Бу ерда педиатрлар, ортопедлар, психологлар, логопедлар, дефектологлар ва реабилитологлардан иборат кўп тармоқли жамоа иш олиб боради.
Лойиҳанинг асосий мақсади — сифатли реабилитация хизматларини мамлакатнинг барча ҳудудларида яшовчи болалар учун имкон қадар яқин ва қулай қилишдир. Шу мақсадда яқин йилларда Самарқанд, Фарғона, Наманган, Нурафшон ва Тошкент шаҳарларида янги марказларни ишга тушириш режалаштирилган.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги маълумотларига кўра, 2025 йил давомида марказларда 546 мингдан ортиқ машғулот ва муолажалар ўтказилган. 2019–2025 йиллар давомида эса ушбу кўрсаткич қарийб 1,5 миллионни ташкил этган.
Бу рақамлар нафақат тизимнинг кенг кўламда ишлаётганини, балки оилаларнинг сифатли реабилитация хизматларига бўлган эҳтиёжи юқорилигини ҳам кўрсатади.
Марказлар фаолияти натижасида болаларда мустақиллик кўникмалари шаклланмоқда, улар инклюзив таълим тизими ва умумтаълим мактабларида ўқишга тайёрланмоқда. Кўплаб оилалар учун болалардаги ҳар бир кичик ютуқ ҳам катта ишонч ва умид манбаига айланмоқда.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги алоҳида эҳтиёжга эга болалар ва уларнинг оилаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, муносиб ҳаёт шароитларини яратиш ҳамда замонавий ижтимоий инфратузилмани янада ривожлантириш ишларини изчил давом эттирмоқда.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/QCFskKXFGTk" title="«Imkon» markazlari: bolalarga umid va imkoniyatlar eshigi ochilmoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Шаҳноза Маматуропова,
Ойбек Давронов (видео), ЎзА