Муаммолар ечимига оид амалий учрашув
Давлатимиз раҳбарининг тадбиркорлар билан учрашуви хайрли анъанага айланган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Тадбиркорлар куни арафасида ўтказиладиган тадбиркорлар билан олтинчи очиқ мулоқотига пухта тайёргарлик кўриш, ишбилармон юртдошларимизнинг мурожаатлари, муаммолари ва таклифларини атрофлича ўрганиш мақсадида “Ўзмиллийбанк” акциядорлик жамияти томонидан 15 майдан бошлаб 15 августга қадар тадбиркорлар билан учрашув ҳамда очиқ мулоқотлар ташкил этилмоқда.
Аҳоли мурожаатлари билан ишлаш давлат ва халқ ўртасидаги ишончни мустаҳкамлаш, ижтимоий адолатни таъминлаш ҳамда давлат органлари, банк ва молия тузилмалари фаолиятининг очиқлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Фуқароларнинг муаммолари ўз вақтида ҳал этилса, уларнинг амалга оширилаётган ислоҳотлар, давлат идоралари фаолияти ва қонун устуворлигига бўлган ишончи янада ортади.

Тадбиркорлар ва банк тизими мутасаддиларининг тўғридан-тўғри мулоқот ўрнатиши натижасида бизнес вакилларининг молиявий ресурслардан фойдаланиш имкониятлари кенгаяди. Бу эса тадбиркорлик фаолиятидаги тўсиқларни тезкор бартараф этишга хизмат қилади. Шунингдек, бизнес вакилларининг кредитлар, имтиёзлар ва турли муаммолар ечими бўйича тўлиқ маълумот олиши учун муҳим замин яратади.
«Ўзмиллийбанк» акциядорлик жамияти Андижон вилояти бош бошқармаси мутасадди вакиллари томонидан Андижон шаҳри ва Асака туманида аҳоли ҳамда тадбиркорларнинг муаммоларини ўрганиш мақсадида ташкил этилган сайёр қабул самимий, очиқ ва шаффоф муҳитда, савол-жавобларга бой тарзда ўтди.
Мулоқот давомида аҳоли ва тадбиркорлар билан жойларда учрашиб, уларнинг муаммоларини ўрганиш, одамларни ўйлантираётган долзарб масалаларга ечим топиш борасида давлатимиз раҳбари томонидан яратилган амалий механизмлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Шу билан бирга, Президентимизнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномаси, қабул қилинаётган фармон ва қарорлар, ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти кенг тушунтирилди. Мазкур ҳужжатлар мамлакатимиз тараққиёти, янгиланиш жараёнлари ва аҳоли фаровонлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга экани алоҳида таъкидланди.
Жамиятда ижтимоий барқарорликни таъминлашда маҳаллаларнинг ўрни беқиёс экани, айниқса, «Маҳалла еттилиги» тизими ёшлар бандлигини таъминлаш, хотин-қизлар ва оилалар муаммоларини ўрганиш ҳамда тадбиркорлик қилиш истагида бўлган фуқароларни қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамият касб этаётгани хусусида атрофлича сўз юритилди.
Шунингдек, «Келажакка қадам» дастури доирасида амалга оширилаётган ишлар, янги иш ўринларини яратишга қаратилган ташаббусларнинг аҳамияти ҳам ҳаётий мисоллар орқали тушунтирилди.
Мулоқот давомида тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, янги иш ўринларини яратиш, имтиёзли молиявий ресурслар ва механизмлардан самарали фойдаланиш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш, иқтисодиёт тармоқларида расман банд бўлган фуқароларни рағбатлантириш тизимини такомиллаштиришга оид талаб ва шартлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Тадбир якунида аҳоли ва тадбиркорларнинг муаммоларини ҳал этиш бўйича амалий таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
Н.Усмонова, ЎзА