Илоқ — қадим маданият ва анъаналар бешиги
Оҳангарон туманининг бетакрор табиати бағрида жойлашган Ўрғозсой кенгликлари бугун миллий қадриятлар, халқ оғзаки ижоди ва маданий мероснинг ҳақиқий байрамига айланди. Бу ерда анъанавий саккизинчи "Илоқ" халқаро этнографик фестивали юқори савияда ўтказилди.
Халқаро “Олтин мерос” хайрия жамоат фонди, Тошкент вилояти ва Оҳангарон тумани ҳокимликлари, бир қатор давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур тадбирда ҳудудлардан келган бадиий жамоалар ва дорбозлар гуруҳлари, Ўзбекистон жанг санъати федерацияси бадиий жамоаси фаол композицияси билан барчага ўзгача кайфият улашди. Фестивалга келган меҳмонлар қадимги Илоқ давлатининг тарихи, маданияти, урф-одатлари билан яқиндан танишди.

Фестивалнинг тантанали очилиш маросимида Оҳангарон тумани ҳокими Баҳром Норқобилов ҳамда "Олтин мерос" халқаро хайрия жамғармаси раиси Амирқул Каримов йиғилганларни ушбу маданий анжуман билан қутлади. Сўзга чиққанлар қадимий Илоқ заминининг тарихий аҳамияти, миллий меросни асраб-авайлаш ва уни келажак авлодларга етказиш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтди.

– Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, қадимий шаҳарлар ва тарихий қадамжоларни ўрганиш, халқ амалий санъати ва миллий анъаналарни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди Оҳангарон тумани ҳокими Б.Норқобилов. – Мана шундай эзгу мақсадлар асосида ўтаётган ушбу фестиваль ҳам нафақат тарихий меросимизни тарғиб қилиш, балки миллатлар ва маданиятлар ўртасидаги дўстлик ришталарини мустаҳкамлаш, ҳунармандчилик, миллий фольклор ва қадимий анъаналаримизни кенг намоён этиш учун ҳам муҳим майдон вазифасини ўтайди. Ишонаманки, мазкур фестиваль нафақат тарихимизни улуғлашга, балки туманимиз туризм салоҳиятини янада оширишга, миллий маданиятимизни халқаро миқёсда кенг тарғиб этишга ҳам муносиб ҳисса қўшади.


Мутахассислар таъкидлашича, бугунги Оҳангарон тумани ҳудудида милодий 5-10 асрларда Илоқ давлати мавжуд бўлган. Бу давлат нафақат Мовароуннаҳр, балки бутун Шарқ цивилизацияси тараққиётида муҳим ўрин тутган ҳудудлардан бири ҳисобланган. Илоқ замини азалдан табиий бойликларга, хусусан, олтин, кумуш, мис ва қимматбаҳо заргарлик тошларига бойлиги билан машҳур бўлган. Айниқса, феруза тошлари ва нодир металлар қазиб олиниши бу ҳудуднинг иқтисодий ва маданий тараққиётига катта туртки берган.


Қадимги Илоқда кончилик ва металлургия юқори даражада ривожланган бўлиб, маҳаллий усталар тайёрлаган маҳсулотлар ўзининг сифати ва ноёблиги билан узоқ мамлакатларгача етиб борган. Бу ердаги зарбхоналарда тангалар зарб қилинган, темирчилик ва заргарлик санъати юксак даражага кўтарилган. Шу билан бирга, аҳоли деҳқончилик, чорвачилик ва турли ҳунармандчилик тармоқлари билан шуғулланиб, ўзига хос маданий муҳитни шакллантирган. Бу заминда яратилган моддий ва маънавий бойликлар бугунги кунда ҳам халқимиз миллий меросининг ажралмас қисми бўлиб қолмоқда.

Бу жойлардаги қишлоқларнинг номлари Сусам, Санам, Унгут, Қорахитой, Шовғоз, Эртош деб номланиши ҳам узоқ тарихга бориб тақалади. Кўпгина қишлоқлар бир замонлар шу ерда яшаган қадимий қабилалар номи билан аталади. Туманда ноёб қадим замон ёдгорликлари, қадимий тош ва кўҳна дарахтлар кўп.

“Илоқ” этнографик фестивали биринчи марта 2016 йилда Оҳангарон тумани Санам қишлоғида ўтказилди. Кейинги йилларда эса фестиваль манзили бир нечта бор ўзгарди. Бу йилгиси эса еттинчиси бўлиб, Халқаро “Олтин мерос” хайрия жамоат фондининг ғояси асосида мазмунан шакллантирилди. Ташкилотчилар томонидан кўрилган саъй-ҳаракатлар ўзини оқлади. Жараёнда фаол қатнашган фольклор жамоалар, ижодкорлар тақдирланди.

– Фестивалда биз халқимизнинг қадимги урф-одатлари акс этган турли миллий ўйинлар, қўшиқлар ва ўланларни ижро қилдик, – дейди “Тўрғай” фольклор жамоаси раҳбари Алишер Умаров. – Келган меҳмонларга бу ижод намуналаримиз жуда манзур бўлди. Жамоамиз билан бирга унутилаётган куй-қўшиқларни ёшларга етказиш учун ҳаракат қиляпмиз. Маълумки, Президент Шавкат Мирзиёев 1 июнь куни маданият ва санъат соҳаси вакиллари билан ўтказилган учрашувда ҳам ижод аҳлига янги имтиёзлар, ташаббуслар ҳақида атрофлича айтиб ўтди. маданият ва санъат халқ маънавияти, жамият тафаккури ва ёшлар тарбиясида беқиёс ўрин тутишини таъкидланди. Биз бу жараённи катта ҳаяжон билан кузатиб бордик. Ушбу саъй-ҳаракатларнинг амалий исботи бўлган "Илоқ" халқаро этнографик фестивали ҳам Тошкент вилоятининг қадимги маданиятини тараннум қилувчи воситадир. Бу жараёнга биз ҳам ҳиссамизни қўшаётганимиздан фахрланамиз.

Кун давомида иштирокчилар барча кўнгилочар концерт дастурлари, майдон томошалари, қолаверса, гастро, этно, спорт туризмлари имкониятларидан баҳра олди.
А.Мусаев, ЎзА