Илмли аёллар чуқур билимли авлод бунёдкори
Ўзбекистон ХДП Сурхондарё вилоят кенгаши Термиз давлат педагогика институтида “Аёл илмли бўлса, келажак авлод билимли бўлади” мавзуига бағишланган давра суҳбати ташкил этди.
Партия ходимлари, институтнинг олима аёллари, халқ депутатлари туман кенгаши депутатлари ва талаба ёшлар иштирок этган давра суҳбатида ХДП вилоят кенгаши раиси ўринбосари А.Холтўраева мамлакатимизда гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг жамиятда ўз ўрнини топиши юзасидан кўрсатилаётган эътибор ҳақида сўз юритди. Бу борада амалга оширилаётган ишлар хотин-қизларнинг жамиятдаги фаоллигини ошириб, илм-фан соҳасида ҳам салмоқли ютуқларни қўлга киритишида муҳим омил бўлаётгани тўғрисида фикр алмашди.

Тадбирда Термиз давлат педагогика институти технология ва география кафедраси ўқитувчиси Ш.Ҳакимова олий таълим соҳасидаги янгиликлар, хотин-қизларнинг ўқиб, изланиши учун яратилаётган имкониятлар хусусида атрофлича маълумот берди.

Институтда 152 нафар педагог хотин-қиз меҳнат қилиб, ёшларга илм-фан сирларини чуқур ўргатмоқда. Уларнинг 40 дан ортиғи олима аёллардир.
Давра суҳбатида институтнинг лидер раҳбар аёллари ўзларининг ҳаёт ва меҳнат йўллари, илм-фан соҳасида эришган ва қўлга киритган ютуқлари ҳақида сўзлаб берди. Талаба қизлар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА