Ғозғон – янги тараққиёт сари одимлаётган шаҳар
Навоий вилоятидаги Ғозғон шаҳри Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган энг кенжа ҳудудлардан бири саналади. Бу ҳудудга шаҳар мақоми берилганига ва тузилмаларнинг фаолияти йўлга қўйилганига ҳали кўп вақт бўлгани йўқ.
Навоий вилояти ҳокимлиги томонидан Ғозғон шаҳрида амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси билан яқиндан танишиш мақсадида пресс-тур ташкил этилди.
Вилоятда фаолият олиб бораётган журналистлар, матбуот котиблари ҳамда блогерлар иштирок этган тадбир Ғозғон шаҳрига кириш қисмида жойлашган Мустақиллик монументи стелласи олдидан бошланди. Дастлаб шаҳар ҳокими Нурали Жўраев иштирокчиларга ҳозирги кунда шаҳарда амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари, инвестиция жалб этиш ва янги иш ўринлари яратиш мақсадида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида гапириб берди.
Мустақиллик монументи стелласи “Ташаббусли бюджет” лойиҳасининг 2025 йил 1-мавсуми доирасида барпо этилган бўлиб, қурилиш ишлари “Hazora Non Savdo” МЧЖ томонидан амалга оширилган. Лойиҳанинг умумий қиймати 1 миллиард 460 миллион сўмни ташкил этади.
Шунингдек, стелла атрофи “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ободонлаштирилиб, ҳудудга 300 донадан зиёд кўчат экилган.
– Шаҳримиз 2019 йил 3 майда ташкил этилган, – дейди Нурали Жўраев. – Ўтган давр мобайнида ҳудудда бир қатор ижтимоий соҳа объектлари ва саноат корхоналари ишга туширилиб, янги иш ўринлари яратилди. Ҳозирда эса Ғозғон том маънода қурилиш ва бунёдкорлик майдонига айланган, десак муболаға эмас. Бу ерда ижтимоий соҳа ва бошқарув объектлари қурилиши жадал суръатларда олиб борилмоқда. Бундан беш йил олдин 60 тага яқин тадбиркорлик субъектлари фаолият олиб борган бўлса, ҳозирда уларнинг сони қарийб 240 тага етди. Шаҳарда ҳудудий инвестициялар дастурига асосан 2026 йилда қиймати 110 миллион долларлик инвестициялар ўзлаштириш режалаштирилган бўлиб, хорижий инвестициялар 100 миллион долларни ташкил этади. Бу 6 та корхона томонидан амалга оширилади.
Пресс-тур иштирокчилари “MARMAROBOD” МЧЖ фаолияти билан танишиб, гранит тошларни қазиб олиш ва чуқур қайта ишлаш жараёнларини кўздан кечирди.
Корхона 6 гектар майдонда барпо этилган бўлиб, у замонавий саноат мажмуаси сифатида шаклланган. Бу ерда ишлаб чиқариш цехлари билан бир қаторда шоурум, сервис маркази, банк хизмати учун инфратузилма, офис ва хизмат кўрсатиш бинолари ҳам мавжуд. Хом ашё таъминоти эса 4 та гранит кони орқали таъминланади.
– Лойиҳа Ўзбекистон Республикаси ТИФ Миллий банки ҳамда “Ўзқурилишматериаллари” уюшмаси тизимидаги инвестиция компаниялари – “NBU GAZGAN INVEST” ва “UZBUILDINVEST” ҳамкорлигида амалга оширилган, – дейди корхона раҳбари Завқиддин Умматов. – Унинг умумий қиймати 20 миллион доллар бўлиб, тўлиқ банк инвестиция ва кредит маблағлари ҳисобидан молиялаштирилган. Ишлаб чиқариш жараёнида Хитой, Туркия ва Россиядан келтирилган замонавий технологиялардан фойдаланилмоқда. Бугунги кунда корхонада 24 турдаги гранит маҳсулотлари тайёрланиб, қурилиш соҳаси учун кенг ассортимент таклиф этилмоқда. Ишлаб чиқариш ҳажмининг 30 фоизи ички бозорга, 70 фоизи эса хориж бозорларига йўналтирилган. 2022 йил ноябрь ойида ишга тушган корхонада ҳозирга қадар 156 та иш ўрни яратилган.
“Gazgan Stone Invest” МЧЖ корхонаси ҳам йил сайин ривожланиб бораётган саноат корхоналаридан биридир. Бу ерда ҳам мармар ва гранит плиталари тайёрланади.
– Корхона “Мармаробод” МФЙда жойлашган бўлиб, умумий майдони 11 гектарни ташкил этади. Шундан 6 гектар ер майдонида ишлаб чиқариш ва маъмурий бинолар барпо этилган, – дейди ҳоким ўринбосари Ўткир Бўронов. – Лойиҳа Ўзбекистон Республикаси ТИФ Миллий банки ҳамда Австриянинг “PARSALPINE MANAGEMENT GMBH” компанияси ҳамкорлигида амалга оширилган. Умумий қиймати 6,5 миллион АҚШ доллари бўлган мазкур лойиҳа Италиядан келтирилган замонавий ускуналар билан жиҳозланган. Айни пайтда корхонада 35 нафар маҳаллий аҳоли вакиллари меҳнат қилмоқда.
[gallery-28981]
Албатта, бу каби саноат корхоналарини хом ашё билан таъминлашда саноат ва чиқинди ҳудудида жойлашган карьерларнинг алоҳида ўрни бор.
Бугунги кунда ҳудудда 52 та карьер мавжуд бўлиб, 5-6 та ҳудуд битта карьерга бўлинган. Олиб борилган ўрганишлар давомида бу ерда 6,5 миллион метр куб мармар захираси аниқланган. Умумий захира эса 510 миллион метр кубни ташкил этиши прогноз қилинган. Карьерларда 32 хил рангдаги мармар тошлари мавжуд.
Пресс-тур иштирокчилари шаҳарда туризмни ривожлантириш ва бунёдкорлик ишлари билан яқиндан танишиб, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА