Илмий ҳамкорликнинг юксак эътирофи
“Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ Бошқаруви раиси – Бош директор Қувондиқ Санақуловга Германиянинг Фрайберг кончилик академиясининг олтинга тенглаштирилган фахрий нишони – “Goldene Ehrennadel” топширилди.
Фахрий нишонни Фрайберг кончилик академияси профессори Карстен Дребенштедт тантанали равишда топширди.
Мазкур юксак мукофот таниқли олим, техника фанлари доктори, профессор Қувондиқ Санақуловнинг кончилик ва металлургия соҳаларида илмий-тадқиқотларни ривожлантириш, халқаро илмий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда соҳанинг илмий салоҳиятини юксалтиришга қўшган ҳиссаси учун берилди.
TU Bergakademie Freiberg 1765 йил 21 ноябрда ташкил этилган бўлиб, кончилик, металлургия ва табиий ресурслар соҳаларига ихтисослашган дунёнинг энг қадимий олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларидан бири саналади.
Фрайберг академияси билан йўлга қўйилган илмий алоқалар замонавий технологияларни ўзлаштириш, тадқиқот натижаларини ишлаб чиқаришга татбиқ этиш ва юқори малакали мутахассислар тайёрлашга хизмат қилмоқда.
А.Бўриев, ЎзА мухбири