Судьялар учун психологик тренинглар
Навоий вилояти суди ҳамда Одил судлов академияси ҳамкорлигида судьяларнинг психологик барқарорлигини таъминлашга қаратилган маҳорат дарси ва семинар-тренинг ташкил этилди.
“Судьяларнинг психологик барқарорлигини таъминлаш” мавзусидаги тадбирда судьяларнинг мураккаб ва стрессга бой иш жараёнида ҳис-туйғуларни бошқариши, вазминликни сақлаши ҳамда қарор қабул қилишда холисликни таъминлаши масалаларига эътибор қаратилди.
Семинар давомида соҳа мутахассислари ва психологлар томонидан эмоционал толиқишнинг олдини олиш, стрессни енгиш, низоли вазиятларда тўғри мулоқот қилиш, диққатни жамлаш ва мураккаб ҳолатларда хотиржамликни сақлаш бўйича амалий тавсиялар берилди.

Тренинг доирасида иштирокчилар турли амалий машғулотлар орқали касбий фаолиятда юзага келиши мумкин бўлган руҳий босимларни бошқариш усуллари билан танишдилар.
Қайд этилганидек, бундай амалий тадбирлар судьяларнинг касбий кўникмаларини такомиллаштириш, иш жараёнида барқарорлик ва холисликни таъминлаш, шунингдек, одил судлов сифатини янада оширишга хизмат қилади.
Абдували Бўриев, ЎзА мухбири