Илм ва мерос сари саёҳат: Наманган ёшлари Ислом цивилизацияси марказида
Ҳар бир миллатнинг келажаги мамлакат ёшларига боғлиқ. Улар ўз билими ва маърифати билан келажакни барпо қилади. Шу нуқтаи назардан, ёшларни тарихий ва илмий мерос билан, маърифий анъаналар билан яқиндан таништириш алоҳида аҳамиятга эга. Наманган вилояти делегациясининг пойтахтимизда қад ростлаган муҳташам илмий-маърифий маскан – Ислом цивилизацияси марказига ташрифи ана шу мақсад йўлидаги муҳим тадбир бўлди.
Ушбу марказ юртимизнинг бой тарихий мероси, ислом цивилизациясининг жаҳон тамаддунига қўшган улкан ҳиссаси ва буюк аждодларимизнинг илмий фаолиятини замонавий ёндашув асосида намоён этувчи ноёб мажмуа сифатида алоҳида аҳамият касб этади.
Делегация таркибида вилоят ҳокими ўринбосари, ёшлар ишлари бошқармаси бошлиғи, ташаббускор ёшлар етакчилари, шунингдек ишсиз ҳамда фаол ёшлар иштирок этди. Умумий ҳисобда 150 нафар делегация аъзолари марказ фаолияти билан яқиндан танишди. Ташриф давомида меҳмонларга марказнинг концепцияси, унда яратилган шароитлар, ноёб қўлёзмалар фонди, интерактив экспозициялар ҳамда илмий-тадқиқот йўналишлари ҳақида батафсил маълумотлар берилди.
Марказдаги экспозицияларда Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Райҳон Беруний, Мирзо Улуғбек каби буюк аждодларимизнинг илмий мероси, уларнинг жаҳон илм-фани ривожига қўшган ҳиссаси замонавий технологиялар орқали жонли ва таъсирчан тарзда акс эттирилган. Бу эса ташриф буюрган ёшларда чуқур таассурот қолдириб, уларда тарихга, илмга ва миллий қадриятларга нисбатан янада чуқур қизиқиш уйғотди.
[gallery-28449]
Ёшлар ўз таассуротларида марказни нафақат тарихий маскан, балки келажак сари йўл кўрсатувчи илмий манба сифатида баҳолади. Уларнинг фикрича, бу ерда яратилган шароитлар ўқиш, изланиш ва ўз устида ишлашга ундайди. Айниқса, аждодларимизнинг илмий ютуқлари билан яқиндан танишиш ёшлар қалбида “биз ҳам шундай буюк ишларни амалга оширишимиз мумкин”, деган ишончни мустаҳкамлади.
Шунингдек, марказда мавжуд интерактив зоналар, замонавий мультимедиа воситалари орқали берилаётган маълумотлар ёшлар эътиборини тортди. Бу эса анъанавий музей форматидан фарқли равишда ташриф буюрувчига маълумотни қизиқарли ва эсда қоларли тарзда етказиш имконини бермоқда.
– Мазкур ташриф ёшларнинг маънавий дунёқарашини бойитиш, уларда миллий ғурур ва ватанпарварлик туйғуларини мустаҳкамлаш, энг муҳими, илм-фанга бўлган интилишларини янада оширишда муҳим аҳамият касб этади, - дейди Наманган вилояти ёшлар ишлари бошқармаси Ахборот хизмати раҳбари Ҳусанбой Пошшохонов. – Ёшлар бу ерда ўз илдизи, тарихини янада чуқурроқ англаб, аждодларимиз амалга оширган буюк ишлар билан яқиндан танишди. Бу эса уларни ўз олдига улкан мақсадлар қўйишга, илм олишга ва юрт равнақи учун хизмат қилишга ундади.
Умуман олганда, бундай ташрифлар ёшларнинг нафақат билимини, балки маънавий дунёқарашини бойитишда муҳим ўрин тутади. Шу боис келгусида ҳам ёшларни шундай илмий-маърифий масканларга жалб этиш орқали уларнинг ҳар томонлама ривожланишига алоҳида эътибор қаратиш режалаштирилган.
Ислом цивилизацияси марказига ташриф келажак сари илмий ва маънавий йўл кўрсатувчи муҳим маскан сифатида ёшлар қалбида чуқур из қолдирди.
Камола Юсупова, ЎзА суратлари