Икки давлатни боғлаган канал
"Дўстлик" каналининг Гулистон шаҳри ҳудудидан ўтувчи 3,4 километрида реконструкция ишлари бошланди. Қиймати 77,2 миллиард сўм бўлган лойиҳа доирасида канал бетонланиб, сув йўқотишлари камайтирилади. Шунингдек, канал бўйлаб 5,62 километр автомобиль йўли ва 1,02 километр пиёдалар йўлаги қурилиб, ҳудуд ободонлаштирилади.
Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 27 декабрдаги «Сирдарё вилоятида муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмани янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида амалга оширилаётган ишлар учун 50,4 миллиард сўм канални бетонлаштиришга, 26,8 миллиард сўм эса ободонлаштириш тадбирларига йўналтирилган.
Қурилиш жараёнида 290 минг куб метрда тупроқ қазиш, 140 минг куб метрда тош териш, 480 минг квадрат метрда геомембрана ётқизиш, 622 тонна арматура ва 22,2 минг куб метрда бетондан фойдаланиш кўзда тутилган.
Канал бўйлаб ҳимоя панжаралари ўрнатилади, тунги ёритиш тизими барпо этилади. Натижада сув иншооти атрофида нафақат техник жиҳатдан мустаҳкам, балки замонавий шаҳар муҳитига уйғун ҳудуд шаклланади.

— Асосий мақсад — канал ўзанини мустаҳкамлаш ва сув йўқотишларини камайтириш билан бирга, унинг атрофини обод ва аҳоли учун қулай ҳудудга айлантириш. Лойиҳа якунига етгач, канал бўйлаб автомобиль ва пиёдалар учун қулай йўлаклар, ҳимоя панжаралари ҳамда тунги ёритиш тизими яратилади, — дейди Қуйи Сирдарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Обид Аҳматқулов.
“Дўстлик” каналининг тарихи 1890 йилга бориб тақалади. Қурилиши шу йили бошланган иншоот 1913 йил 18 октябрда фойдаланишга топширилган. Дастлаб унинг сув ўтказиш қуввати секундига 50 куб метр бўлган. Ўша даврдаги йирик муҳандислик лойиҳаларидан бири сифатида барпо этилган канал Мирзачўлнинг сувсиз кенгликларини ўзлаштиришда муҳим аҳамият касб этди. Сув билан бирга бу ҳудудларга қишлоқ хўжалиги, янги аҳоли масканлари ва инфратузилма кириб келди. Кейинчалик канал бир неча бор кенгайтирилиб, такомиллаштирилди. 1917 йилда Шимолий Мирзачўл канали, 1939 йилда Киров канали деб номланган. 1996 йил 9 августдаги Ҳукумат қарори билан унга «Дўстлик» номи берилган.

— Каналнинг номи ўзгаргани билан унинг асосий вазифаси ўзгармади. У ҳамон ҳудудларни сув билан таъминлаш, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва аҳоли фаровонлигига хизмат қилмоқда, — дейди Обид Аҳматқулов.

1951 йилга келиб, канал орқали суғориладиган майдон 122 минг гектарга етказилди, сув ўтказиш қуввати эса секундига 160 куб метрга оширилди. Кейинги йилларда ҳам канални кенгайтириш, гидротехник иншоотлар барпо этиш, реконструкция қилиш ва модернизациялаш ишлари давом эттирилди. Бугун “Дўстлик” каналининг умумий узунлиги 117 километрни ташкил этади. Унинг 68 километри Ўзбекистон, 49 километри Қозоғистон ҳудудидан ўтади.
Тизимда 1 та бош сув тақсимлаш иншооти, 7 та сув тўсиш иншооти ва 86 та суғориш тармоғи мавжуд. Каналнинг 19 километри Тошкент вилоятининг Бекобод тумани, 49 километри Сирдарё вилояти ҳудудига тўғри келади. У орқали Ўзбекистонда қарийб 100 минг, Қозоғистонда эса 170 минг гектар қишлоқ хўжалиги ерлари суғорилади.
— Каналнинг максимал сув ўтказиш қуввати секундига 260 куб метр, меъёрий кўрсаткичи эса 230 куб метрни ташкил этади. Шу боис унинг техник ҳолатини яхшилаш, сувдан самарали фойдаланиш ва иншоотларни замонавий талаблар асосида сақлаш муҳим, — дейди Обид Аҳматқулов.

“Дўстлик” каналининг Гулистон шаҳри ҳудудидан ўтиши унинг аҳамиятини янада оширади. Чунки бу ерда сув иншоотининг ҳолати нафақат суғориш тизими, балки шаҳар инфратузилмаси билан ҳам бевосита боғлиқ.
Каналдан сувнинг сизиб чиқиши ва ер ости сувларининг яқин жойлашгани йиллар давомида айрим ҳудудларда сизот сувлари сатҳининг кўтарилишига сабаб бўлган. Бу эса турар жойлар, автомобиль йўллари ва бошқа инфратузилма объектларига салбий таъсир кўрсатиши мумкин эди. Шу мақсадда 2015–2019 йилларда Гулистон шаҳрида ер ости сувлари сатҳини пасайтириш ва дренаж тизимини такомиллаштиришга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Жумладан, каналнинг шаҳар ҳудудидан ўтувчи 4,75 километри бетонланди. Унинг остидан 115 метрлик икки қаторли дюкер қурилди. 261 километр очиқ коллектор-дренаж тармоғи қайта тикланиб, янги ёпиқ дренажлар ва мелиоратив насос станциялари барпо этилди. Бу ишларга давлат бюджетидан 34 миллиард 871 миллион 239 минг 997 сўм маблағ сарфланди. Натижада шаҳар ҳудудида ер ости сувлари сатҳини пасайтиришга эришилди. Айни пайтда амалга оширилаётган янги лойиҳа мазкур ишларнинг мантиқий давоми ҳисобланади. Бу сафар каналнинг навбатдаги қисми бетонланиши орқали сувнинг сизиб кетиши камайтирилса, унинг атрофидаги йўл, пиёдалар йўлаги, ёритиш ва ободонлаштириш ишлари шаҳар муҳитини яхшилайди.

“Дўстлик” каналининг аҳамиятини фақат унинг узунлиги, сув ўтказиш қуввати ёки суғориладиган майдонлар билан баҳолаб бўлмайди. Унинг ҳар бир километри ортида Мирзачўлни ўзлаштириш тарихи, қишлоқ хўжалиги тараққиёти, минглаб деҳқон ва фермерларнинг меҳнати мужассам.
— Бир асрдан зиёд вақт давомида Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳудудларидан оқиб ўтаётган бу сув йўли икки давлат далаларига ҳаёт бағишлаб қолмай, Гулистон шаҳри қиёфасини яхшилаш ва аҳоли учун янада қулай муҳит яратиш имконини ҳам беради, — дейди Обид Аҳматқулов.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири