Олий суд раисининг ўринбосари талабаларнинг яшаш шароити билан танишди
Масъулларнинг аҳоли билан бевосита мулоқоти кучаймоқда. Олий суд вакилининг талабалар ётоқхонасига ташрифи ёшлар ҳаётидаги янги ўзгаришлардан дарак беради.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан масъулларнинг қуйи бўғинга тушиб, муаммони жойида ўрганиш ва унга ечим бериш чора-тадбирлари такомиллашиб бормоқда. Натижада аҳоли мурожаатлари ўз вақтида ҳал этилмоқда. Самарадорлик ҳам ижобий тус олмоқда.
Ана шундай ислоҳотларнинг амалий ифодаси ўлароқ, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг биринчи ўринбосари Алишер Усманов Яккасарой туманида бўлиб, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети талабалар турар жойи билан яқиндан танишди.

Ташриф давомида талаба-ёшлар учун яратилган яшаш ва дам олиш шароитлари, мавжуд имкониятлар ҳамда уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш борасида амалга оширилаётган ишлар кўздан кечирилди.

Шунингдек, талабалар учун қулай ва хавфсиз муҳит яратиш, уларнинг маънавий-маърифий ҳаётини қўллаб-қувватлаш ҳамда бўш вақтларини фойдали машғулотлар билан бойитишга қаратилган ташаббуслар ҳақида маълумот берилди.
Учрашувда ёшлар учун яратилаётган шароитлар уларнинг сифатли таълим олиши, ижтимоий фаоллиги ва ҳар томонлама камол топишида муҳим омил экани таъкидланди.
Шербек Исломов, ЎзА