IFTM Top Resa: Франция вазири Ўзбекистон миллий стендига ташриф буюрди
Францияда ўтаётган IFTM Top Resa 2026 халқаро сайёҳлик кўргазмасида Ўзбекистоннинг фахрий меҳмон мамлакат мақомидаги иштироки доирасида мамлакат миллий стендига эътибор юқори бўлмоқда.
Кўргазма ташкилотчилари томонидан Ўзбекистон миллий делегацияси ҳамда туризм соҳаси вакиллари шарафига тантанали қабул маросими ташкил этилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси раисининг ўринбосари Суҳробжон Бобокалонов сўзга чиқиб, халқаро профессионал мулоқотни кенгайтириш, хорижий ҳамкорлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш ва Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини жаҳон бозорида янада кенг тарғиб қилиш муҳимлигини таъкидлади.
Кўргазма иштирокчиларининг миллий стендлари билан танишиш жараёнида Франциянинг кичик ва ўрта тадбиркорлик, савдо, ҳунармандчилик, туризм ва харид қобилияти масалалари бўйича вазири Серж Папен Ўзбекистон миллий стендига ташриф буюрди. Меҳмонни Туризм қўмитаси раисининг ўринбосари Суҳробжон Бобокалонов кутиб олди.
Франциялик вазир Ўзбекистон миллий стендининг янги концепцияси билан танишди. Замонавий кўргазма архитектураси миллий амалий-безак санъати элементлари билан уйғунлаштирилгани меҳмонда алоҳида таассурот қолдирди.Серж Папен Ўзбекистоннинг бой ҳунармандчилик ва меъморчилик анъаналарини юқори баҳолаб, мамлакатнинг жаҳон маданиятига қўшган ҳиссини алоҳида эътироф этди.

Таъкидлаш жоиз, IFTM Top Resa 2026 доирасида Ўзбекистон делегацияси Франция туризм бизнеси ва давлат тузилмалари вакиллари билан қатор учрашув ва музокаралар ўтказмоқда. Уларда туризм соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, янги лойиҳаларни амалга ошириш ва Ўзбекистоннинг Франция ҳамда Европа сайёҳлик бозоридаги салоҳиятини янада кенг тарғиб қилиш масалалари муҳокама қилинмоқда.
Ўзбекистоннинг IFTM Top Resa кўргазмасида фахрий меҳмон мамлакат сифатида иштирок этиши мамлакатнинг Европа сайёҳлик бозоридаги мавқеини мустаҳкамлаш, янги ҳамкорларни жалб этиш ва Франция билан туризм соҳасида узоқ муддатли алоқаларни ривожлантиришга қаратилган муҳим қадам бўлмоқда.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА