“Идоравий электрон архив” ахборот тизими (arxiv.gov.uz) амалиётга жорий этилди
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги “Ўзархив” агентлиги томонидан “Электрон ҳужжатларни сақлаш учун топширишга мўлжалланган “Идоравий электрон архив” ахборот тизими (arxiv.gov.uz) амалиётга жорий этилганлиги” мавзуида матбуот анжумани ўтказилди.
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ташкил этилган тадбирда “Ўзархив” агентлиги, “Ахборот технологиялари ва ахборот ресурсларини ривожлантириш маркази”, “Unicon Soft” масъулияти чекланган жамиятлари раҳбарлари, архив муассасалари масъуллари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Тадбирда сўз олган “Ўзархив” агентлиги директори Улуғбек Юсупов “Идоравий электрон архив” ахборот тизими замонавий электрон ҳужжатларни бошқариш занжирининг ажралмас қисми сифатида ташкилотларга электрон ҳужжатларни сақлаш, бошқариш ва улардан фойдаланишни таъминлашнинг самарали, барқарор ва хавфсиз усули эканини таъкидлади.
Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 22 августдаги “2022-2023 йилларда ахборот-коммуникация технологиялари соҳасини янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, 2022 йил 10 ноябрдаги “Ҳисобот тақдим этиш ва архив ҳужжатларини сақлаш тартиб-таомилларини мақбуллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, 2023 йил 24 майдаги “Рақамли хизматлар қамрови ва сифатини ошириш ҳамда соҳа, тармоқ ва ҳудудларни рақамли трансформация қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари ижроси доирасида электрон ҳужжатларни сақлаш учун топширишга мўлжалланган “Идоравий электрон архив” ахборот тизими ишлаб чиқилиши ва жорий этилиши белгиланган эди.
“Идоравий электрон архив” ахборот тизимини ишлаб чиқиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги ва “Киберхавфсизлик маркази” ДУК томонидан эксперт хулосалари олинди. Ривожланган давлатлар тажрибаси ўрганилган ҳолда “Ўзархив” агентлиги ва Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича инспекцияси ҳузуридаги “Ахборот технологиялари ва ахборот ресурсларини ривожлантириш маркази” МЧЖ ҳамкорлигида “Идоравий электрон архив” ахборот тизими ишлаб чиқилди.
Электрон ҳужжатларни сақлаш учун топширишга мўлжалланган мазкур “Идоравий электрон архив” ахборот тизими бўйича “Ўзархив” агентлиги, “Ахборот технологиялари ва ахборот ресурсларини ривожлантириш маркази” МЧЖда ўтказилган тест-синовида ижобий натижа қайд этилиб, жорий йилнинг 15 декабрида амалиётга жорий этилди.
Келаси 2024 йилда “Идоравий электрон архив” ахборот тизими Давлат архивлари манбаи ҳисобланган 8 мингга яқин давлат идоралари ва ташкилотида жорий этилиши ва 100 минг нафардан зиёд фойдаланувчи уланиши режалаштирилган.
Тадбирда “Ахборот технологиялари ва ахборот ресурсларини ривожлантириш маркази” МЧЖ директори Амиржон Носировнинг “Идоравий электрон архив” ахборот тизими бўйича тақдимоти тингланди.
Ахборот тизимини жорий қилиш орқали ташкилот номенклатурасини шакллантириш, келишиш ва тасдиқлаш, номенклатура асосида электрон ҳужжатларни шаклантириш, электрон архив ҳужжатларини давлат архивларига қабул қилиш, ҳужжатларни тезкор қидириб-топиш ва фойдаланиш имкониятлари яратилди. Шунингдек, “Идоравий электрон” архив ахборот тизими ягона идентификация тизими - id.egov.uz ва Идоралараро ҳужжат айланиш тизими – edo.ijro.uz ахборот тизими билан интеграция қилинди.
“Ўзархив” агентлиги билан ҳамкорликда “Идоравий электрон архив” ахборот тизимидан фойдаланиш бўйича юзага келган муаммо тезкор бартараф этиш ҳамда таклифлар асосида тизимни доимий ривожлантириб бориш тизими йўлга қўйилди.
Тадбирда Ўзархив агентлигининг “arxiv.gov.uz” “Идоравий электрон архив” ахборот тизими ва “Unicon soft” МЧЖнинг “edo.ijro.uz” электрон ҳужжат айланиш тизимини ўртасида ўзаро маълумот алмашиш йўлга қўйилгани ҳақида йиғилганларга маълумот берилди.
[gallery-15203]
Эндиликда, корхона ёки ташкилотлар ходими томонидан edo.ijro.uz тизимида имзоланган ҳужжатлари, ушбу ходимнинг “Идоравий электрон архив” ахборот тизими кабинетидаги сараланмаган ҳужжатлар бўлинмасида автоматик, яъни раҳбар томонидан имзоланиши билан шаклланиб боради.
Шунингдек, қўшимча равишда аввал яратилган ҳужжатларни идоравий электрон архивга юбориш учун “edo.ijro.uz” тизимининг менинг ҳужжатларим бўлинмасида “Архивга юбориш” тугмаси жорий қилинди.
Матбуот анжуманида журналистларни қизиқтирган барча саволларига соҳа вакиллари батафсил жавоб қайтарди.
Камола ЮСУПОВА,
Ойбек ПАРДАЕВ (сурат), ЎзА