Қисқа муддатда касб эгаллаш имконияти яратилди
Мамлакатимизда аҳолини замонавий ва меҳнат бозорида юқори талабга эга касбларга ўқитиш, ишсиз фуқаролар бандлигини таъминлаш ҳамда ички ва ташқи меҳнат бозори учун рақобатбардош мутахассислар тайёрлаш мақсадида янги замонавий касб-ҳунар ўқув марказларини ташкил этиш ишлари изчил давом этмоқда.
Тошкент вилоятининг Қибрай туманидаги Касбий кўникмалар маркази негизида Малакани баҳолаш ва қайта тайёрлаш маркази ташкил этилди.
Лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги кўмагида амалга оширилган бўлиб, профессионал таълим тизимида янги босқични бошлаб бериши кутилмоқда. Марказ замонавий инфратузилма, халқаро стандартларга мос ўқув дастурлари, амалиётга йўналтирилган таълим модели ҳамда илғор хорижий тажрибаларни ўзида мужассам этгани билан аҳамиятлидир.
Лойиҳа доирасида ўқув маркази 2,7 гектар ҳудудда барпо этилди. Марказ таркибида асосий ўқув биноси, пайвандлаш ва электромонтаж амалиёт устахоналари, меҳмонхона, қўшимча инфратузилма объектлари ҳамда 300 ўринли талабалар ётоқхонаси ташкил қилинди. Бино ва иншоотларнинг умумий майдони 4500 квадрат метрдан иборат.
Марказ бир йилда 2160 нафаргача тингловчини ўқитиш қувватига эга бўлиб, бир сменада 540 нафаргача фуқаро таълим олиши мумкин. Ҳар бир йўналиш бўйича ўқув гуруҳлари 20 нафардан шакллантирилади. Таълим жараёнлари тўлиқ офлайн шаклда олиб борилади.
Ўқув марказида бугунги кунда меҳнат бозорида энг талаб юқори бўлган 7 та йўналиш бўйича мутахассислар тайёрланади.
Жумладан, кран ва экскаватор оператори, пайвандлаш, ЧПУ (CNC) дастгоҳ оператори, юк транспорт воситаларини бошқариш (CE тоифа, Code 95), техника хавфсизлиги, электромонтёрлик ҳамда электромонтаж ишлари.
Курслар давомийлиги 1 ойдан 3 ойгача бўлиб, ўқув дастурлари халқаро стандартлар асосида шакллантирилади. Таълимнинг 70 фоизи амалий машғулотлардан, 30 фоизи эса назарий билимлардан иборат бўлади. Бу эса тингловчиларнинг қисқа муддат ичида касбий кўникмага эга бўлиши ва амалий иш жараёнига тез мослашишини таъминлайди.
Лойиҳа доирасида Германия, Польша ва Литва тажрибаси асосида ишлаб чиқилган ўқув дастурлари жорий этилади. Айрим йўналишларда DVS ва ISO стандартларига мос халқаро таълим методикалари қўлланилади. Машғулотларга маҳаллий ва хорижий тажрибага эга малакали мутахассислар жалб қилинади.
Ўқиш якунида тингловчиларга давлат намунасидаги сертификат билан бир қаторда халқаро даражада тан олинадиган сертификатлар ҳам топширилади. Бу эса битирувчиларга нафақат Ўзбекистонда, балки хорижий давлатларда ҳам фаолият юритиш имкониятини яратади.
Мазкур лойиҳа орқали профессионал таълим ва амалий касб-ҳунар тизимини халқаро стандартлар даражасига олиб чиқиш, фуқароларнинг даромад манбаларини кенгайтириш ҳамда меҳнат бозори талабларига мос кадрлар тайёрлаш бўйича муҳим қадам ташланмоқда.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА