Ички ишлар органларида рақамлаштириш қандай йўлга қўйилган?
Ички ишлар органлари тизимида рақамлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада пойтахтимизда самарали ёндашувлар татбиқ қилинаётир.
ИИВ Академиясида бўлиб ўтган тақдимот жараёнида Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи Равшан Султонхўжаев мазкур йўналишда амалга оширилаётган кенг қамровли чора-тадбирлар ҳақида маълумот берди.
Соҳавий хизматлар, туман ички ишлар органлари раҳбарлари, факультет ва кафедралар бошлиқлари, магистратура тингловчилари иштирок этган тадбирда рақамлаштиришда эришилаётган натижалар ҳамда келгусидаги устувор йўналишлар таҳлил қилинди.

Таъкидлаб ўтилганидек, рақамли ечимлар давлат органлари фаолиятининг муҳим мезонига айланиб бормоқда.
Рақамли қўриқлаш платформасининг янги ташкил этилган модуллари турли объектларни ва хонадонларни қўриқловга олишда кенг қулайлик яратди.
Аҳоли кўп тўпланадиган жойларда қўриқлаш хизмати турларини тарғиб этиш мақсадида ташкил этилган “Security Office” хизмат кўрсатиш офиси орқали хизмат кўрсатиш кўлами кенгайтирилмоқда.
Инновацион тизимларнинг йўлга қўйилаётгани бошқарув самарадорлигини ошириш, очиқлик ва шаффофликни таъминлайди. Эҳтимолий коррупция ҳолатларига барҳам беради.
Айниқса, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш, жиноятчиликка қарши курашиш, криминоген вазиятни прогноз қилиш, тезкор қидирув ва тергов тадбирлари сифатини оширишда рақамли платформалар имкониятлари кенгайиб бормоқда.
Тадбирда рақамлаштириш истиқболлари аниқ рақамлар ва статистик маълумотлар орқали тушунтириб ўтилди.
Хавфсиз муҳитни шакллантириш мақсадида ҳудудларга жорий қилинаётган тажрибалар, «Рақамли Ўзбекистон - 2030» стратегияси доирасида белгилаб олинган вазифалар, мазкур йўналишда ечимини кутаётган масалалар муҳокама қилинди.
Н.Абдураимова, ЎзА