Ички бозор тўкинлиги: нега айнан паррандачиликка эътибор қаратиляпти?
Аҳоли сонининг ўсиши, иқлим ўзгариши ва глобал таъминот занжирларидаги беқарорликлар озиқ-овқат хавфсизлигини дунёнинг деярли барча давлатлари учун стратегик масалага айлантирди.
Бундай шароитда қисқа муддатда юқори самарадорликка эришиш, аҳолини сифатли оқсил маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш имконияти туфайли паррандачилик қишлоқ хўжалигининг муҳим тармоқларидан бирига айланмоқда.
Мазкур йўналиш бугунги кунда фақат тухум ва парранда гўшти билан чекланмайди. Тармоқ ем-хашак ишлаб чиқариш, ветеринария, логистика, қайта ишлаш ва савдо каби кўплаб тармоқларни ўзаро боғловчи иқтисодий занжир ҳисобланади.
Шу боис паррандачиликни ривожлантириш орқали озиқ-овқат таъминотини мустаҳкамлаш, янги иш ўринлари яратиш, қишлоқ ҳудудларида тадбиркорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда Бу эса соҳадаги экспорт салоҳиятини оширишда ҳам самарали воситаси саналади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2026 йил 23 июлда қабул қилинган "Паррандачилик соҳасини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори айни йўналишда муҳим вазифаларни белгилаб берди. Қарорда соҳани молиявий қўллаб-қувватлаш механизмларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилган.
Жумладан, 2026 йил 1 сентябрдан бошлаб Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари ҳисобидан паррандачилик хўжаликлари, парранда омухта еми ишлаб чиқарувчи тадбиркорларга ҳамда “тайёр бизнес” лойиҳалари учун янги расмийлаштириладиган кредит шартномалари бўйича йиллик 10 фоиз ставкада кредитлар ажратилади.
Дарҳақиқат, имтиёзли кредитларнинг ажратилиши тадбиркорларга янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш, мавжуд корхоналарни модернизация қилиш ва замонавий технологияларни жорий этиш имконини кенгайтиради. Бу эса маҳсулот таннархини пасайтириш ва ички бозорда нархлар барқарорлигини таъминлашга ҳам хизмат қилади.
Маълумки, аҳоли сони ва туризм оқимининг ўсиши мамлакатимизда озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабни оширмоқда. Маълумотларга кўра, мамлакатимизда гўштга бўлган йиллик талаб 2 миллион 150 минг тоннани ташкил этади. Гўшт маҳсулоти ишлаб чиқариш ҳажми 1 миллион 600 минг тоннага тенг. Бу мавжуд талабни қоплаш учун чорвачиликнинг барча тармоқларида ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш зарурлигини кўрсатади. Паррандачилик тармоғининг ривожланиши эса қисқа ишлаб чиқариш цикли ва юқори маҳсулдорлиги билан гўшт таъминотини яхшилашда муҳим ўрин тутади.
Жорий йил 5 август куни Президент Шавкат Мирзиёев чорвачилик ва паррандачилик тармоқларини ривожлантириш бўйича тақдимот билан танишди. Унда гўшт ва сут маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш ҳамда соҳага замонавий технологияларни жорий этишга қаратилган вазифалар муҳокама қилинди. Бу эса мазкур йўналиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолаётганини тасдиқлайди.
– Бугунги кунда ички бозорни гўшт маҳсулотлари билан тўлиқ таъминлаш энг устувор вазифалардан биридир, – деди Чорвачилик ва яйлов хўжалигини ривожлантириш агентлиги бўлим бошлиғи Баҳриддин Раҳмонов. – Шу боис, парранда гўшти ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга алоҳида эътибор қаратиляпти. Бунинг учун паррандалар бош сонини кўпайтириш билан бирга, хорижга қарамликни камайтирувчи маҳаллий наслчилик ва гўшт-тухум йўналишидаги наслчилик-репродуктор хўжаликларини ташкил этишни режалаштирганмиз.
Тақдимотда қайд этилган маълумотларга кўра, юртимизда паррандачилик соҳасида умумий қиймати 432 миллион АҚШ долларига тенг инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш режалаштирилган. Улар ҳисобига 2028 йилгача қўшимча 100 минг тонна парранда гўшти ишлаб чиқариш, омухта ем ишлаб чиқариш қувватини 3,3 миллион тоннага етказиш ҳамда замонавий сўйиш тизимлари қамровини 20 фоиздан 50 фоизга ошириш кўзда тутилган.
Мазкур чора-тадбирларнинг тизимли амалга оширилиши паррандачиликни юқори самарадорликка эга тармоққа айлантириш учун муҳим замин яратади. Инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш натижасида ишлаб чиқариш ҳажми ортиб, маҳаллий маҳсулотларнинг рақобатбардошлиги кучаяди. Бу ислоҳотлар эса аҳолини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан барқарор таъминлаш ва мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадамдир.
Марҳабо ҲОЖИАКБАРОВА,
ЎзА