Эзгу ташаббуслар фаровонликни юксалтиришга хизмат қилмоқда
Янги Ўзбекистонда инсон қадрини улуғлаш, аҳоли бандлигини таъминлаш, хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва камбағалликни қисқартириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Президентимиз ташаббуси билан маҳаллаларда тадбиркорликни ривожлантириш, хотин-қизларни касб-ҳунарга ўқитиш, уларни доимий даромад манбаи билан таъминлашга қаратилган кенг кўламли дастурлар бугун ўзининг амалий самарасини бермоқда. Энг муҳими, бу эзгу ташаббуслар одамларнинг ҳаётида ҳақиқий ўзгаришларни юзага келтириб, юзлаб оилаларнинг турмуш фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилмоқда.
Бухоро вилояти Қоракўл туманининг Тинчлик маҳалласида фаолият юритаётган тадбиркор Умида Сафарова ташкил этган тикувчилик корхонаси ана шундай эзгу ислоҳотларнинг ёрқин намунасидир. Мазкур корхона нафақат муваффақиятли бизнес лойиҳаси, балки маҳалладаги хотин-қизлар учун меҳнат, даромад ва келажакка ишонч манбаи сифатида ҳам алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Бугунги кунда корхонада 10 нафар хотин-қиз доимий иш ўрнига эга бўлиб, замонавий тикув ускуналарида меҳнат қилмоқда. Улар ишлаб чиқараётган сифатли тикув маҳсулотлари орқали ўз оилаларига муносиб даромад келтириб, фарзандларининг келажаги учун мустаҳкам пойдевор яратмоқда. Меҳнатга бўлган қизиқиш, интизом ва масъулият эса корхонанинг кун сайин ривожланишига хизмат қилмоқда.

Корхонада касаначилик тизимининг самарали йўлга қўйилгани эътиборга молик. Айни пайтда 30 нафар хотин-қиз буюртмаларни корхонадан қабул қилиб, ўз хонадонларида тикув ишларини бажаради ва тайёр маҳсулотни топшириш орқали меҳнатига муносиб ҳақ олмоқда. Бу тизим, айниқса, уй бекалари, кичик ёшли фарзанд тарбиялаётган оналар ҳамда турли сабабларга кўра иш жойига қатнай олмайдиган хотин-қизлар учун жуда қулай имконият яратди. Энг муҳими, улар ўз уйидан чиқмаган ҳолда оилавий даромадини ошириш имконига эга бўлмоқда.
Корхонада тайёрланаётган маҳсулотларнинг сифати юқори бўлгани боис буюртмалар ҳажми ҳам йил сайин ортиб бормоқда. Бугунги кунда Тошкент шаҳри ҳамда қўшни вилоятлардан мунтазам буюртмалар қабул қилиниб, мижозлар талабига мос маҳсулотлар тайёрланмоқда. Бу эса маҳаллий тадбиркорликнинг рақобатбардошлиги ва бозорда муносиб ўрин эгаллаётганини яққол намоён этмоқда.
Эътиборли жиҳати шундаки, корхонада меҳнат қилаётган хотин-қизларнинг ўртача ойлик даромади 4,5–5 миллион сўмни ташкил этмоқда. Бу маблағ уларнинг оилавий бюджетини мустаҳкамлаш, фарзандларининг сифатли таълим олиши, турмуш шароитини яхшилаш ва келажакка ишонч билан қараши учун муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.

Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимиз бўйлаб ўтказилаётган “Маҳаллада ободлик ва меҳр-саховат ойлиги” доирасида ҳам мазкур корхона фаол иштироки билан яна икки нафар хотин-қиз доимий иш билан таъминланди. Бу эса маҳаллаларда аҳолини манзилли қўллаб-қувватлаш, эҳтиёжманд оилаларга амалий кўмак бериш ва хотин-қизларнинг иқтисодий мустақиллигини таъминлашга қаратилган давлат сиёсатининг ҳаётий ифодасидир.
Бугунги кунда юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад — ҳар бир маҳаллани тараққиёт масканига, ҳар бир хонадонни фаровонлик ўчоғига айлантиришдир. Тинчлик маҳалласидаги мазкур тикувчилик корхонаси ана шу эзгу мақсадларнинг амалий натижасини яққол намоён этмоқда. Бир тадбиркорнинг ташаббуси ўнлаб хотин-қизларнинг ҳаётини ўзгартириб, уларга муносиб меҳнат, барқарор даромад ва эртанги кунга ишонч бағишламоқда.
Бу каби ибратли ташаббуслар Янги Ўзбекистонда инсон манфаати ҳамма нарсадан устун эканини яна бир бор тасдиқлайди. Зеро, ҳар бир яратилган иш ўрни — бир оиланинг фаровонлиги, ҳар бир қўллаб-қувватланган тадбиркор — маҳалланинг ривожи, ҳар бир меҳнаткаш хотин-қизнинг муваффақияти эса мамлакат тараққиётининг мустаҳкам пойдеворидир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири