ЖИДУ битирувчиларига диплом топширилди
Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида битирувчиларга дипломларни тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ректори Содиқ Сафоев онлайн тарзда битирувчиларни қутлаб, уларнинг университет тараққиёти ва Ўзбекистон истиқболига қўшган ҳиссасини алоҳида таъкидлади. Уларнинг касбий фаолиятда муваффақиятларга эришишига ишонч билдирди.
Шунингдек, ректор талабаларни бутун ўқиш даври мобайнида қўллаб-қувватлаганлари учун ота-оналарга чуқур миннатдорлик изҳор этди.
Шундан сўнг университетдаги ёрқин ҳаёт ва талабаларнинг ютуқларини акс эттирувчи видеолавҳа намойиш этилди.
Тадбирда қайд этилганидек, жорий йил Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети (ЖИДУ) бакалавриат йўналишини 510 нафар талаба муваффақиятли битирди.
Битирувчиларнинг катта қисми Европа, Осиё ва АҚШнинг нуфузли университетларида ўқишни давом эттирди. Энг машҳур йўналишлар орасида халқаро муносабатлар, иқтисодиёт, сиёсатшунослик ва ҳуқуқшунослик мавжуд.
[gallery-30363]
ЖИДУ 60 дан ортиқ хорижий олий ўқув юртлари билан фаол ҳамкорлик олиб боради. Бу эса талабаларга алмашинув дастурларида қатнашиш ва академик кредитларни инобатга олган ҳолда магистратурага кириш имконини беради.
Шунингдек, кўплаб битирувчилар аллақачон давлат идоралари, халқаро ташкилотлар, дипломатик ваколатхоналар ва бизнес секторида ўз иш ўринларини топишган.
Гулноза Бобоева,
Аслиддин Алижонов (сурат),
ЎзА