Ҳусниддин Шарипов: “Танланган асарлар”
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳомийлигида янги китоб
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими”, атоқли шоир ва тажимон, Ўзбекистон халқ шоири Ҳусниддин Шариповнинг “Танланган асарлар” номли китоби Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳомийлигида нашрдан чиқди.
Китобдан шоирнинг мухлислари томонидан севиб ўқиб келинаётган шеърлари, “Шаҳмот достони”, “Минг иккинчи кеча”, “Қайнарбулоқ” ва “Олмазор” достонлари, “Онанинг кўнгли болада ёхуд Тошкентча қўйди-чиқди” ва “Инсофнома” пьесалари, шунингдек, шарқ шеъриятидан қилган таржималари ўрин олган.
Ҳусниддин Шарипов эл дардини юрагидан чуқур ҳис қила оладиган ижодкор. У дастлабки шеърлариданоқ меҳнат аҳли – деҳқонлар, боғбонлар, ўрмончиларнинг орзу-ўйларини, она табиатни улуғлади.
Олтмишинчи йилларда чиққан китобларини соддагина қилиб “Кўнгил буюргани” (1961), “Қуёшга ошиқман” (1963), “Тупроққа қасида” (1965), “Ернинг қалби” (1965), “Мен сизга айтсам” (1968) деб атагани эҳтимол шундан.
Ҳусниддин Шарипов ўзбек замонавий достончилиги ривожига ҳам ўзига хос ҳисса қўшган сермаҳсул ижодкорлар сирага киради. У ўн саккизта достон муаллифи ҳисобланади.
Мустақиллик йиллари адиб учун ғоят маҳсулдор бўлганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Бу йиллар унинг “Минг иккинчи кеча” (1992), “Қалтис юриш” (1999), “Қайнар булоқ” (2002) достонлари, “Ёр истаб” (1993) шеърий китоби, “Асирингман” (2003) “Йиллар ва диллар” (2013) номли сайланма асарлари нашр этилди.
Шоирнинг қатор қўшиқ ва шеърлари Наврўз ва Мустақиллик байрами тантаналарида янграб туради.
– Шоир, аввало, ўзи ошиқ, покиза, фидойи бўлиши, яъни ўзи ҳам улуғлаётган қаҳрамонига ўхшаб яшаши керак. Бу – осон эмас. Шеърият эса ҳаромни ёқтирмайди. Акс ҳолда шоир одатий гапдонга, ижод оддий тирикчилик воситасига, асар эса лаҳзали кекирикка айланиб қолиши мумкин, дея ёзади шоирнинг ўзи бир битигида.
Миннатдорман бахтим қушидан:
Кўзларимга қўндирмас ғубор
Истиқболнинг жилмайишидан
Равшан тортган азамат диёр.
Шу сабабли мангу сен билан
Томирдошдир бўғину бандим,
Азиз Ватан,
Ягона Ватан,
Қадди баланд,
Қадри баландим, дея киндик қони томган заминни улуғлайди шоир.
Ҳусниддин Шариповнинг “Танланган асарлар”ини ўқинг.
А.Нарзуллоев, ЎзА