“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ масъуллари ва мутахассислари ҳудудлардаги муаммоларни манзилли ҳал этмоқда
Президентимиз раислигида ўтказилган ёқилғи-энергетика тармоғининг келгусидаги устувор вазифаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида энергетика тизимидаги мавжуд муаммоларни тизимли ҳал этиш, электр таъминоти барқарорлигини таъминлаш, тармоқларни модернизация қилиш ҳамда истеъмолчиларга сифатли хизмат кўрсатиш бўйича муҳим вазифалар белгилаб берилди.
Мазкур топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан ҳудудларда электр таъминоти ҳолатини яхшилаш, мавжуд муаммоларни манзилли бартараф этиш, тармоқларнинг техник ҳолатини ўрганиш ҳамда зарур чораларни кўриш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Бу борада амалга оширилаётган ишлар, ҳудудлардаги мавжуд ҳолат ва келгусидаги вазифалар ҳақида “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ ахборот хизмати раҳбари Фахриддин Нуралиев ЎзА мухбирига интервью берди.

– Электр таъминоти тизимининг барқарор ишлашини таъминлаш, тармоқларнинг техник ҳолатини яхшилаш ва истеъмолчиларга сифатли электр энергияси етказиб бериш мақсадида ҳудудларда кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда, – деди Ф.Нуралиев. – Бу борада электр тармоқларини янгилаш, инфратузилмани модернизация қилиш, мавжуд камчиликларни бартараф этиш ҳамда аҳоли мурожаатларини тезкор ҳал этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шу мақсадда электр ва газ таъминоти тизимини янада такомиллаштириш ҳамда мавжуд муаммоларни тизимли бартараф этиш учун 15 та ҳудудда махсус штаблар фаолияти йўлга қўйилди. Мазкур штабларга энергетика тизими ташкилотлари раҳбарлари бириктирилиб, жойларда инфратузилмани ривожлантириш, аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва электр тармоқларидаги техник йўқотишларни камайтириш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ раҳбарлари иштирокида ҳудудларда электр таъминоти ҳолати ўрганилиб, аниқланган муаммоларни бартараф этиш бўйича манзилли чоралар белгиланмоқда.

Мазкур ишлар доирасида жойлардаги махсус штаблар томонидан манзилли ўрганишлар ҳам олиб борилмоқда. Жумладан, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ раиси Сардор Исақулов раҳбарлигида Ургут туманида фаолият юритаётган махсус штаб томонидан ҳудуддаги электр таъминоти ҳолати ўрганилди. Туманнинг Ўртагузар, Муродқишлоқ ҳамда Тинчлик маҳаллаларидаги трансформатор пунктларида амалга оширилаётган таъмирлаш ва тармоқларни янгилаш ишлари жойига чиққан ҳолда кўздан кечирилди. Мазкур жараёнда қурилиш-таъмирлаш ишларини сифатли ва белгиланган муддатларда якунлаш, электр таъминоти барқарорлигини таъминлаш юзасидан масъулларга тегишли топшириқлар берилди.
Электр инфратузилмасини модернизация қилиш борасида йирик инвестиция лойиҳалари ҳам изчил амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 27 декабрдаги тегишли қарорига мувофиқ, Сирдарё вилоятининг Сайхунобод, Боёвут ва Мирзаобод туманларида умумий узунлиги 75 километр бўлган 35-110 кВ электр узатиш тармоқлари ҳамда иккита 110 кВли подстанция қурилиши белгиланган. Мазкур вазифалар ижроси доирасида “Ҳудудий қурилиш-монтаж дирекцияси” филиали томонидан Сайхунобод туманидаги кичик саноат зонасигача бўлган 110 кВли электр узатиш тармоғини қуриш ишлари тўлиқ якунланди. Айни пайтда тармоқда сим тортиш ишларининг сўнгги босқичлари амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, оғир меҳнат шароитлари ва аномал иссиқ ҳавога қарамасдан, Боёвут ва Мирзаобод туманларида 110 кВли электр узатиш тармоқларини қуриш ишлари ҳам жадал суръатларда олиб борилмоқда.
Янги объектларни барпо этиш билан бир қаторда, мавжуд электр тармоқларини модернизация қилиш ишлари ҳам изчил давом эттириляпти. Хусусан, Наманган вилояти Давлатобод туманида энергетика инфратузилмасини янада ривожлантириш ва электр таъминоти сифатини оширишга қаратилган комплекс ишлар амалга оширилмоқда. Ҳудудда трансформатор пунктлари, электр узатиш тармоқлари ва бошқа энергетика объектларида кенг кўламли таъмирлаш ҳамда янгилаш ишлари олиб борилмоқда.
Мазкур тадбирлар истеъмолчиларни барқарор ва сифатли электр энергияси билан таъминлаш, тармоқларнинг ишончлилиги ҳамда самарадорлигини янада оширишга хизмат қилмоқда.
Аҳоли мурожаатларини ўрганиш, муаммоларни жойида аниқлаш ва уларни тезкор бартараф этиш ҳам устувор вазифалардан бири ҳисобланади. Шу мақсадда ҳудудларда ишчи гуруҳлар фаолияти йўлга қўйилган.

Жумладан, Урганч туманида “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ бошқаруви раисининг электр тармоқларидан фойдаланиш бўйича биринчи ўринбосари Бобур Исломов бошчилигида ишчи гуруҳ фаолият юритмоқда. Ишчи гуруҳ томонидан электр энергияси йўқотишларини камайтириш, қизил тоифадаги трансформатор пунктларини таъмирлаш, электр тармоқларининг техник ҳолатини яхшилаш ҳамда аҳоли мурожаатларини жойига чиққан ҳолда ўрганиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Бу борадаги амалий ишлардан бири сифатида Урганч туманининг Қиёт маҳалласи аҳолиси томонидан электр энергияси кучланишининг меъёридан пастлиги юзасидан билдирилган мурожаат ўрганилди. Текширувлар давомида маҳаллани электр энергияси билан таъминлаб келаётган қуввати 160 кВА бўлган 5406-сонли трансформатор пунктининг юкламаси белгиланган меъёрдан ошиб кетгани аниқланди.
Мазкур муаммони бартараф этиш мақсадида маҳаллада қўшимча трансформатор пункти қуриш, мавжуд электр тармоқларини реконструкция қилиш ва янгилаш бўйича аниқ чоралар белгилаб олинди.
Мухтасар айтганда, амалга оширилаётган бу каби ишлар электр таъминоти тизимининг ишончлилигини янада ошириш, истеъмолчиларга кўрсатилаётган хизматлар сифатини юксалтириш ҳамда ҳудудларда барқарор электр таъминотини яхшилашга кенг имконият яратади.
ЎзА мухбири Насиба Зиёдуллаева ёзиб олди.