Ёзнинг жазирамасидан ҳайвонлар қандай ҳимоя қилинади? (+видео)
Тошкент ҳайвонот боғида 8 мингдан ортиқ ҳайвонлар парвариш қилинади. Уларга ёзнинг жазирама кунларида муносиб шароит яратиш учун катта ислоҳотлар амалга оширилди.
Тошкент ҳайвонот боғи 1924 йилдан буён фаолият юритиб келмоқда. Бугунги кунда ушбу жой катталар ва айниқса болажонларнинг севимли масканларидан бирига айланган. Табиат қўйнида ёки телеэкран орқали учратиш мумкин бўлган ҳайвонот олами вакиллари бир маконда жам бўлганлиги бу ерга келувчиларга катта завқ ва маълумот беради. Ҳайвонот боғининг умумий майдони 21.5 гектарни ташкил этиб, унда 352 турдаги 8 000 дан ортиқ жониворлар парвариш қилинади.
Ёзнинг жазирамасида уларга максимал қулайлик яратиш мақсадида кенг ва қулай вольерлар, яъни табиий муҳитга мослаштирилган, ёввойи ҳайвонларни сақлаш, кўпайтириш ва ўрганиш учун махсус жойлари ташкил қилинган.
Шунингдек, жазирамадан ҳимоя қилиш учун шинамгина яшил ҳудудда сунъий сув ҳавзалари, фавворалар, шаршаралар, сув канали, чиройли кўприкка эга катта кўл барпо қилинган.
Дарҳақиқат, янги бошқарув компанияси келиши билан ҳайвонот боғида жониворларни табиий шароитларга яқин бўлган қулай муҳитда сақлаш мақсадида кенг кўламли янгиланиш ва реконструкция ишлари олиб борилди.
Тошкент ҳайвонот боғи инфратузилмасини модернизация қилиш ва яхшилаш концепцияси қабул қилиниб, тўплам таркибидаги турлар хилма-хиллигини ошириш бўйича фаол ишлар олиб борилмоқда.
Масалан, филлар мажмуаси, “Сафари” зонаси, жайралар, приматлар ҳамда йиртқич ҳайвонлар: шерлар, йўлбарслар, бўрилар, айиқлар учун янги замонавий экспозициялар яратилди.
Айтиш керакки, Тошкент ҳайвонот боғи биохилма-хилликни сақлашда муҳим бўғин ҳисобланади. Бу ерда ватанимизнинг турли ҳудудларида яшовчи кўплаб нодир ва йўқолиб бораётган ҳайвон турлари сақланади ва кўпайтирилади. Шу кунларда нафақат юртимизнинг турли бурчакларидан, балки қўшни давлатлардан ҳам кўплаб инсонлар бу сўлим гўшада мириқиб ҳордиқ чиқариб кетмоқдалар. Фуқароларнинг экологик саводхонлигини ошириш ва табиатга нисбатан ғамхўрона муносабатда бўлишларини шакллантиришда ҳам айнан ана шундай масканларнинг алоҳида ўрни бор.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/UVYGRN9qOaU" title="Yozning jaziramasidan hayvonlar qanday himoya qilinadi?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Санжар Тошпўлатов, Нишонбой Абдувойитов, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА