Хоразмда махсус-тактик ўқув машғулотлари ўтказилди
Хоразм вилоятида куз-қиш мавсумида энергетика соҳаси объектларида фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларнинг оқибатларини бартараф этишга тайёргарлик даражасини оширишга қаратилган махсус-тактик ўқув машғулотлари бўлиб ўтди.
Махсус-тактик ўқув машғулотларига Республика фавқулодда вазиятлар вазирининг ўринбосари полковник Нуриддин Қодиров ҳамда вилоят ҳокими Жўрабек Раҳимов бошчилик қилди.

Тадбирлар давомида куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиш, шунингдек, аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш, фуқаро муҳофазаси ҳамда ёнғин хавфсизлиги соҳасидаги амалий тайёргарлик ҳолати ўрганилиб, масъул ходимларга услубий ёрдам кўрсатилди.

– Хавфсизликни таъминлаш барчамизнинг умумий масъулиятимиздир, – деди фавқулодда вазиятлар вазирининг ўринбосари Нуриддин Қодиров. – Куз-қиш мавсумида фуқаролардан электр ва газ жиҳозларидан фойдаланишда белгиланган хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя қилиш, ёнғин хавфини келтириб чиқариши мумкин бўлган ҳолатларга йўл қўймаслик ва эҳтиёткорлик чораларини кўриш сўралади.

Йиғилишдан сўнг фавқулодда вазиятлар юзага келганда тезкор ва самарали ҳаракат қилиш кўникмаларини ошириш мақсадида бир қатор объектларда махсус-тактик ўқув машғулотлари ҳам ташкил этилди.

Машғулотлар давомида шартли равишда юзага келиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларда тегишли хизматларнинг тезкор ва ҳамкорликдаги ҳаракатлари амалий тарзда синовдан ўтказилди.

Мазкур ўқув машқлари тезкор хизматлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда фавқулодда вазиятларга тайёргарликни оширишга хизмат қилди.
Аҳмаджон Шокиров,
ЎзА мухбири