Хоразмда кунига 0,8 минг тонна чиқиндини қайта ишлаш орқали 71 миллион кВт электр энергияси ишлаб чиқариш қувватига эга ускуналар ишга туширилади
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Хоразм вилоятида қаттиқ маиший чиқиндиларни ёқиш орқали электр энергияси ишлаб чиқариш” инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, 2026-2028 йилларда Хоразм вилоятида 100 миллион АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этган ҳолда кунига 0,8 минг тонна чиқиндиларни термик усулда қайта ишлаш орқали 71 миллион кВт электр энергияси ишлаб чиқариш қувватига эга ускуналар ишга туширилади.
Лойиҳа доирасида:
а) инфратузилма объектларини қуриш ишларини молиялаштириш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 18 декабрдаги "Ҳудудларда муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-4929-сон қарорига мувофиқ амалга оширилади;
б) инфратузилма объектларини қуриш-таъмирлаш ишлари бўйича буюртмачи вазифаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил З0 апрелдаги "Махсус иқтисодий ва кичик саноат зоналари муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-5101-сон қарорида белгиланган ташкилотлар томонидан амалга оширилади;
в) Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Агентлик, "Ўзэнергосотиш" АЖ ва "Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" АЖга Инвестор томонидан Лойиҳани амалга ошириш доирасида имзоланган битимлар бўйича мажбуриятлар бажарилмаган тақдирда, Лойиҳа компанияси ва Инвестор ҳуқуқини Лойиҳани молиялаштиришда иштирок этадиган бошқа кредиторларга тўғридан-тўғри ўтказиш ҳақида битимлар тузиш ҳуқуқи берилади;
г) зарур ер участкалари ҳамда унга туташ ҳудудларда ҳаво электр узатиш тармоқлари ва электр инфратузилмаси қурилмаларини қуришда қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан фойдаланганлик (тоифаси ўзгартирилганлиги) учун қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши нобудгарчилиги ўрни (компенсация тўловлари) қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда қоплаб берилади.
Хоразм вилояти ҳокимлиги бир ой муддатда Урганч тумани "Янги Ўртабоғ" МФЙ ҳудудидан 15 гектар ер майдони экосаноат зонаси ташкил этиш учун доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлигига ажратиб беради.
Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси лойиҳа ҳужжатлари белгиланган тартибда экологик экспертизадан ўтказилишини ва Лойиҳани амалга оширишда табиатни муҳофаза қилишга оид қонунчилик ҳужжатларига риоя этилишини таъминлайди.
Маълумот учун олдинроқ тўғридан-тўғри музокаралар натижасида:
а) "Green Hammer Со., Ltd" компанияси (Корея Республикаси) томонидан "Хоразм вилоятида қаттиқ маиший чиқиндиларни ёқиш орқали электр энергияси ишлаб чиқариш" инвестиция лойиҳаси доирасида хорижий корхона таъсис этилиши;
б) Инвестор ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ўртасида 2026 йил 14 сентябрда инвестиция шартномаси имзолангани;
в) "Ўзэнергосотиш" АЖ ва Инвестор ўртасида 2026 йил 11 сентябрда Лойиҳа доирасида ишлаб чиқарилган электр энергиясини сотиб олиш тўғрисидаги битим имзолангани;
г) Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳузуридаги Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги ва Инвестор ўртасида 2026 йил 11 сентябрда қаттиқ маиший чиқиндиларни Лойиҳа компаниясига етказиб бериш тўғрисидаги битим имзоланган эди.
ЎзА