Хомашёдан экспортбоп маҳсулотгача
ФОТОРЕПОРТАЖ
Қашқадарё вилояти Қарши туманидаги «Raw Materials Exclusive» масъулияти чекланган жамиятида ип-калава маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. Замонавий технологиялар билан жиҳозланган мазкур корхона ҳудудда пахта хомашёсини чуқур қайта ишлаш, юқори қўшилган қийматли маҳсулот ишлаб чиқариш ва экспорт салоҳиятини оширишга хизмат қилаётган саноат объектларидан бири.
Корхона 4 гектар майдонни эгаллаган бўлиб, шундан 12 минг квадрат метр ҳудуд ишлаб чиқариш жараёнларига мослаштирилган. Лойиҳанинг умумий қиймати 20,8 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Шундан 10 миллион доллари тадбиркорнинг ўз маблағлари, 10,8 миллион доллари банк кредити ҳисобидан молиялаштирилган.
Ишлаб чиқариш жараёнида Германияда ишлаб чиқарилган замонавий технологик ускуна ва жиҳозлардан фойдаланилмоқда. Бу корхонада маҳсулот сифатини назорат қилиш, ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш ҳамда ташқи бозор талабларига мос маҳсулот тайёрлаш имконини беради.
Корхонанинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 4 минг 500 тонна ип-калавага тенг.
[gallery-31038]
2026 йилнинг биринчи ярмида бу ерда 2 минг 480 тонна ип-калава ишлаб чиқарилиб, 4,5 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулот экспорт қилинди. Ишлаб чиқариш ва экспорт кўрсаткичлари корхонанинг ташқи бозордаги ўрнини мустаҳкамлаш учун имкониятлар мавжудлигини кўрсатмоқда.
Корхонада 350 та янги иш ўрни яратилган. Айниқса, ишлаб чиқариш қувватларининг аҳоли яшаш ҳудудларига яқин жойлашгани маҳаллий аҳоли, хусусан, ёшларнинг доимий иш билан таъминланишида муҳим аҳамият касб этмоқда.
Қашқадарё вилоятида пахта хомашёсини қайта ишлаш ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришга ихтисослашган саноат корхоналарининг кўпайиши ҳудуд иқтисодиётида қўшилган қиймат занжирини кенгайтиришга хизмат қилмоқда. «Raw Materials Exclusive» МЧЖ фаолияти ҳам шу жараённинг амалий кўринишларидан бири сифатида аҳамиятли.
Хомашёни қайта ишлаш орқали янги маҳсулот яратиш, ишлаб чиқариш қувватларини ошириш ва экспорт ҳажмини кенгайтириш саноат тараққиётининг муҳим омилларидан. Қарши туманидаги мазкур корхонада пахта толаси замонавий технологиялар асосида қайта ишланиб, ички ва ташқи бозор учун талаб юқори бўлган ип-калавага айлантирилмоқда.
Бугун корхонада ишлаб чиқариш жараёнининг турли босқичларида юзлаб мутахассис ва ишчилар меҳнат қилмоқда. Янги технологиялар, ишлаб чиқариш интизоми ва малакали кадрлар меҳнати уйғунлиги маҳсулот сифатини таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
20,8 миллион долларлик инвестиция, замонавий технологик ускуналар, 4 минг 500 тонналик йиллик қувват, экспорт кўрсаткичлари ва 350 та янги иш ўрни — Қарши туманида саноат салоҳиятини ошириш йўлида амалга оширилаётган ишлар кўламини кўрсатувчи муҳим кўрсаткичлардир.
Жамшид НОРҚОБИЛОВ(сурат),ЎзА