Қоракўлнинг саноат салоҳияти юксалмоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Бухоро вилояти Қоракўл туманида саноат салоҳиятини юксалтириш, янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва экспортбоп маҳсулотлар ҳажмини оширишга қаратилган лойиҳалар изчил амалга оширилмоқда.
Туманнинг Хўжалар маҳалласидаги «Хўжалар» кичик саноат зонасида фаолият юритаётган «KARAKUL GARDEN TEX» масъулияти чекланган жамияти ана шундай лойиҳалардан бири. Корхонани ташкил этишга 21,3 миллиард сўм инвестиция йўналтирилган.
[gallery-31026]
Бу ерда ички бозор талабига мос ҳамда экспортга йўналтирилган трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. Корхонанинг ишлаб чиқариш қуввати 11,7 миллиард сўмни ташкил этади. Фаолият натижасида ҳар йили давлат бюджетига қарийб 2 миллиард сўм тушум тушиши кутилмоқда.
Корхонанинг ишга туширилиши маҳаллий аҳоли, айниқса, хотин-қизлар бандлигини таъминлашда ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Айни пайтда бу ерда 60 нафарга яқин маҳаллий аҳоли доимий иш билан таъминланган.
Замонавий ишлаб чиқариш қувватининг ташкил этилиши туманда саноатни диверсификация қилиш, янги иш ўринлари яратиш, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва экспорт салоҳиятини оширишга хизмат қилмоқда.
Қоракўлдаги бундай лойиҳалар тадбиркорлик учун яратилаётган имкониятлар самараси ўлароқ, ҳудуд иқтисодий салоҳиятини янада мустаҳкамлашга замин яратмоқда.
Тоҳир ИСТАТОВ(сурат),ЎзА