Ҳолатни прокуратура ўрганмоқда
Ижтимоий тармоқларда тарқалган Қорақалпоғистон Республикаси Беруний туманидаги 48-сонли умумий ўрта таълим мактабида 9-синфгача таҳсил олган ва ҳозирги кунда 1-сонли техникум ўқувчиси бўлган Ж.Раҳманбергеновнинг онаси мурожаати юзасиданҚорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги муносабат билдирди.
Унда қайд этилишича, гўёки Ж.Раҳманбергеновнинг сўнгги қўнғироқ тадбирларида иштирокига мактаб синф раҳбари қаршилик қилган. Натижада Ж.Раҳманбергенов уйида ўз жонига қасд қилишга уринган.
Беруний тумани ҳокимлиги, туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими, “Саркоп” овул фуқаролар йиғини, мактаб ота-оналар кенгаши масъуллари ҳамда инспектор психолог томонидан масала ўрганилди. Ж.Раҳманбергеновга туман тиббиёт бирлашмасида тиббий ёрдам кўрсатилган ва ҳозир унинг умумий аҳволи яхши.
2025-2026 ўқув йилида 48-сонли умумий ўрта таълим мактабини 81 нафар ўқувчи битирмоқда. Улар билан суҳбат жараёнида ҳолат юзасидан тўлиқ маълумот олинди.
Шунингдек, туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими маъмурияти томонидан сўнгги қўнғироқ тадбирларида турли йиғимларга ва ортиқча дабдабали ҳолатларга йўл қўймаслик юзасидан барча умумий ўрта таълим мактаблари раҳбарлари огоҳлантирилган ва тегишли тушунтиришлар ўтказилган.
Ҳозир мазкур ҳолат бўйича туман прокуратураси томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири