Ёзги таътил хавфсизлиги таъминланади
Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Азиз Тошпўлатов Тошкент вилояти ҳудудида туристик мавсумда фуқаролар ва сайёҳлар хавфсизлигини таъминлаш, болаларнинг ёзги дам олишини хавфсиз ташкил этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан ўрганишлар олиб борди.
Жараёнда дам олиш масканлари ва туристик ҳудудларда маҳаллий аҳоли ҳамда хорижий сайёҳлар хавфсизлигини таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар кўриб чиқилди.

Шунингдек, Тошкент вилояти ИИББ Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармасининг Сув объектларида хавфсизликни таъминлаш бўлинмаси фаолияти ўрганилиб, бўлинма тасарруфига янги топширилган махсус катер ва гидроскутерларнинг техник имкониятлари билан танишилди. Бириктирилган махсус техника воситаларидан хизмат фаолиятида самарали фойдаланиш бўйича масъулларга тегишли вазифалар юклатилди.

Тадбир давомида Ички ишлар вазирлигига бириктирилган Бўстонлиқ туманидаги “Чимён” болалар соғломлаштириш оромгоҳининг янги мавсумга тайёргарлик ҳолати ҳам кўздан кечирилди.

Вазир масъуллар билан суҳбатда ёзги таътил мавсумида болаларнинг оромгоҳларда хавфсиз ва мазмунли дам олишини ташкил этиш масалаларини муҳокама қилди.

Ўрганишлар давомида масъулларга болаларнинг хавфсизлиги ва саломатлигини таъминлаш, дам олиш жараёнини юқори савияда ташкил этиш ҳамда оромгоҳ фаолиятини янада такомиллаштириш юзасидан тегишли вазифалар юклатилиб, ижроси назоратга олинди.
А. Мусаев, ЎзА