Ҳоким ёрдамчилари фаолияти янада самарали бўлади
Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Андижон вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида Андижонда маҳалла фуқаролар йиғинларида иш олиб бораётган ҳоким ёрдамчилари фаолиятини самарали ташкил этиш бўйича ўқув семинари бўлиб ўтди.
Семинарда мутасаддилар, Давлат активларини бошқариш агентлиги вилоят бошқармаси, тижорат банклари, “Ўзагростар холдинг” компанияси вакиллари, Шаҳрихон, Бўстон ва Улуғнор туманлари маҳаллаларида фаолият олиб бораётган 119 нафар ҳоким ёрдамчиси иштирок этди.

Тадбирда сўз олганлар жойларда иш олиб бораётган ҳоким ёрдамчилари юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида муҳим бўғинга айланганлигини, уларнинг кўмагида аҳолини қийнаётган кўплаб муаммолар бартараф этилаётганлигини таъкидлади.

Ўқув семинар давомида мутасадди ва мутахассисларнинг ҳоким ёрдамчилари фаолиятини самарали ташкил этиш бўйича маърузалари тингланди. Шунингдек, иштирокчиларга аҳоли даромадини ошириш, бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш, кредит ажратиш ва муаммоли қарзларни бартараф этиш, субсидиялар, грантлар ва ссудалар ажратиш тартиблари, бўш турган бино-иншоотларни тадбиркорлик учун аукционга чиқариш ҳамда деҳқон хўжаликларини қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни самарали ташкил этиш юзасидан таклиф ва тавсиялар берилди.
Иштирокчилар ўзаро тажриба алмашиш билан бирга, белгиланган йўналишлардаги ишларни самарали ташкил этиш бўйича билим ва малакаларини оширди.

Ф. Убайдуллаев, ЎзА мухбири.