Ёшлар мурожаатлари атрофлича ўрганилди
Тошкент шаҳридаги “Китоб олами” мажмуасида Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Ёшлар ишлари агентлиги ва Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Тошкент шаҳар бошқармаси ҳамкорлигида ёшлар билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди.
“Ёшлар куни” муносабати билан ташкил этилган тадбирда бандлик, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, таълим, кредит олиш ва бошқа долзарб масалалар юзасидан мурожаатлар ҳамда таклифлар билдирилди.


Қабул жараёнида ҳар бир мурожаат атрофлича ўрганилиб, тегишли ташкилотларга йўналтирилди, айрим масалалар эса жойида ҳал этилди.
Шунингдек, Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Шаҳноза Султонова бошчилигида Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти қошидаги академик лицейда “Раҳбар ва ёшлар” учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашув аввалида меҳмонлар академик лицей талабалари томонидан чизилган санъат намуналари билан яқиндан танишиб чиқди.


Суҳбат жараёнида ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди, фикр ва таклифларини билдиришди. Учрашув очиқ мулоқот руҳида, дўстона ва илҳомбахш муҳитда ўтди.
Шаҳноза Султонова замонавий билимларни ўзлаштириш, фаол фуқаролик позициясига эга бўлиш ва жамият ривожига ўз ҳиссасини қўшиш борасида ёшлар билан суҳбатлашди.
Гулноза Бобоева, ЎзА