“Ҳоким кубоги”: ғолиблар аниқланди
Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл туманида ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш, уларнинг жисмоний салоҳиятини юксалтириш, спортга бўлган қизиқишини янада ошириш, бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш ҳамда иқтидорли спортчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида мини футбол тури бўйича “Ҳоким кубоги” спорт мусобақаси юқори савияда ташкил этилди.
Тумандаги 1-сон касб-ҳунар мактаби спорт майдончасида ўтказилган мазкур мусобақада корхона, ташкилот ва муассасаларда фаолият юритаётган ходимлардан тузилган футбол жамоалари иштирок этди. Мусобақа давомида иштирокчилар ўзаро дўстона руҳда, спорт этикаси ва ҳалол рақобат тамойилларига амал қилган ҳолда беллашдилар. Ҳар бир учрашув қизғин ва муросасиз курашларга бой бўлиб, футболчилар томонидан юқори маҳорат, жисмоний тайёргарлик ҳамда жамоавий ҳамжиҳатлик намоён этилди.

Муросасиз баҳсларга бой тарзда ўтган мусобақа якунларига кўра биринчи ўринни туман Ички ишлар бўлими жамоаси, иккинчи ўринни Қўриқлаш хизмати жамоаси ҳамда учинчи ўринни Маҳалла ёшлар етакчилари жамоаси қўлга киритди.

Мусобақада ғолиб бўлган жамоалар Тўрткўл тумани ҳокимлиги томонидан диплом, кубок ҳамда қимматбаҳо совғалар билан муносиб тақдирланди. Шунингдек, мусобақа давомида ўзининг юқори маҳорати, фаол ўйини ва намунали иштироки билан ажралиб турган иштирокчилар турли номинациялар бўйича ташаккурномалар ва қимматбаҳо эсдалик совғалари билан рағбатлантирилди.
Мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллигига бағишлаб ўтказилган “Ҳоким кубоги” спорт мусобақаси туманда соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш, оммавий спортни ривожлантириш, корхона ва ташкилотлар ходимлари ўртасида ўзаро ҳамжиҳатлик ва дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлаш ҳамда ёшларни спортга кенг жалб этишда муҳим аҳамият касб этди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири