Ҳиндистон фуқароси синглисининг суякларини банкка олиб келди
Ҳиндистоннинг Одиша штатида яшовчи Житу Мунда банк бўлимига марҳум синглисининг жасадини олиб келиб, жигарининг ўлимини исботлаш ва унинг ҳисобидаги 20 000 рупий – тахминан 210 долларни ечиб олишга уриниб кўрди, деб ёзган “India Today” газетаси полиция маҳкамасига таяниб.
Нашр изоҳ беришича, икки ой олдин касаллик туфайли вафот этган жувоннинг қорамол сотишдан топган пули маҳаллий банкдаги ҳисоб рақамида қолган. Банк ходимлари эса Житудан саводсизлиги сабаб тақдим эта олмайдиган ҳужжатлар талаб қилишган.
– Бир неча марта банкка бордим, улар менга ўз номидаги маблағни ечиб олиш учун ҳисоб эгаси келиши лозимлигини билдиришди, – дейди 50 ёшли Мунда. – Мен синглим вафот этганини айтсам, улар ишонишмади ва ўзи келишини талаб қилишди. Умидсизликдан қабрни қазидим ва исбот сифатида марҳуманинг скелетини келтирдим.
Воқеа жойига етиб келган полиция ходимлари эркакка пулни олишда ёрдам беришларини айтишди. Маълум бўлишича, аёлнинг танаси кейинчалик ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимлари иштирокида қайта кўмилган.
Житу Мунда синглисининг “бойлиги”га ягона қонуний даъвогарлиги боис, маҳаллий ҳокимият банкка маблағни имкон қадар тезроқ тўлашни буюрган.
С.Раҳимов, ЎзА