Хавфсизлик доимий эътибор марказида
Сирдарё вилоятида жорий йилнинг беш ойи давомида табиий хусусиятли фавқулодда вазиятлар қайд этилмади. Бу ҳақда Сирдарё вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармасида оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналистлар ҳамда блогерлар иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.
Анжуманда таъкидланишича, аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш, ёнғин хавфсизлигини таъминлаш ҳамда фуқаро муҳофазаси соҳасида амалга оширилган профилактик тадбирлар ўз самарасини бермоқда. Хусусан, давлат тасарруфидаги 1429 та объектнинг 979 таси ва тадбиркорлик субъектларига тегишли 11 мингдан ортиқ объектларда текширув ва ўрганиш ишлари ўтказилган.
Сирдарё вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи, полковник Хуршид Садировнинг маълум қилишича, давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 20 октябрдаги қарори ижроси доирасида иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа объектлари ва уй-жой фондларида ёнғинларнинг олдини олишга қаратилган ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Текширувлар натижасида аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича объект раҳбарларига мажбурий кўрсатмалар берилган. Қонун талабларини бузган 2383 нафар мансабдор ва масъул шахсга нисбатан маъмурий чоралар қўлланилган. Шунингдек, ёнғин чиқиш хавфи юқори бўлган 522 та бино ва иншоот фаолияти вақтинчалик тўхтатилиб, 1855 та электр ускунаси ва агрегатдан фойдаланиш тақиқланган.
Матбуот анжуманида аҳоли турар-жойларида хавфсизликни таъминлаш бўйича амалга оширилган ишларга ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Давлат инспекторлари томонидан ўн минглаб якка тартибдаги ва кўп қаватли уй-жойлар ҳамда хонадонларда профилактик ўрганишлар ўтказилиб, аҳолига ёнғин хавфсизлиги ва фавқулодда ҳолатларда тўғри ҳаракат қилиш бўйича тушунтиришлар берилган.
Профилактика тадбирлари аҳоли ўртасидаги тарғибот ишлари билан ҳам уйғунликда ташкил этилмоқда. Беш ой давомида маҳаллалар, корхона ва ташкилотларда ўтказилган юзлаб учрашувларда ўн минглаб фуқаролар қамраб олинди. Шу билан бирга, телевидение, радио, босма нашрлар ва ижтимоий тармоқлар орқали хавфсизлик маданиятини оширишга қаратилган тарғибот ишлари амалга оширилди.
Анжуманда шаҳарсозлик ва қурилиш соҳаларидаги назорат тадбирлари ҳақида ҳам маълумот берилди. Вилоятда рўйхатга олинган қурилиш объектларида текширувлар ўтказилиб, қонун талабларини бузган шахсларга нисбатан маъмурий чоралар кўрилган. Айрим объектлар фаолияти тўхтатилган ва хавфли деб топилган электр ускуналаридан фойдаланиш чекланган.
[gallery-29844]
Бугунги кунда бошқарма томонидан ёзги мавсум билан боғлиқ хавфларнинг олдини олишга қаратилган ишлар янада кучайтирилмоқда. Хусусан, сув ҳавзаларида хавфсизликни таъминлаш, ис газидан заҳарланиш ҳолатларининг олдини олиш, ғалла йиғим-терими даврида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш ҳамда болаларнинг ёзги дам олиш оромгоҳларида хавфсиз муҳит яратиш бўйича кенг қамровли тадбирлар амалга оширилмоқда.
Матбуот анжумани якунида журналист ва блогерларни қизиқтирган саволларга бошқарма раҳбарияти томонидан атрофлича жавоб берилди. Таъкидланганидек, фавқулодда ҳолатларнинг олдини олиш, аҳолининг хавфсизлик маданиятини юксалтириш ва жамоатчилик билан очиқ мулоқотни кучайтириш соҳанинг устувор вазифаларидан бири бўлиб қолмоқда.
Ғулом Примов, Умид Обиджонов (сурат) ЎзА