Хавфли эшик тутқичлари сабаб “Tesla” Хитойда 3 миллионга яқин автомобилини қайтариб олади
“Tesla” электромобилларининг кузовга кириб турувчи инновацион эшик тутқичлари жиддий хавф манбаига айланди, чунки фавқулодда вазиятларда эшикларни ташқаридан очиб бўлмай қолади.
Германияда 2022 ва 2025 йилларда юз берган даҳшатли ЙТҲлардан сўнг авариявий тизим ишламай қолгани сабабли одамлар машина ичида тириклайин ёниб кетганди. Шу каби фожиали ҳодисалар ортидан Хитой расмийлари авто ишлаб чиқарувчидан хавфсизликни футуристик дизайндан устун қўйишни талаб қилди.
Пекиннинг кўрсатмасига кўра, компания ХХР бозоридаги уч миллионга яқин автомобилини қайтариб олиб, ичкаридан очиладиган механик авариявий тутқичларни аниқроқ белгилаб чиқади, дастурий таъминотни янгилайди ҳамда авария пайтида ойналарнинг автоматик равишда очилишини таъминлайди.
Ф.Яхшибоева, ЎзА