Хаттотлик – қайта тикланаётган қадрият
Икуо Хираяма халқаро маданият карвон саройида Амина Байназарованинг “Устозни хотирлаб” номли устоз-шогирд хаттотлик кўргазмаси очилди.
Кўргазмада Тошкент шаҳри, Андижон ҳамда Фарғона вилоятларида яшаб ижод қилаётган хаттотларнинг 60 га яқин ижодий асарлари намойиш қилинди.

Машҳур хаттот Салимжон Бадалбаев 1942 йилда туғилиб 2025 йилда оламдан ўтган.
Салимжон Бадалбоев сулс, риқъа, настаълиқ, девоний, куфрий каби хат турларида ижод қилган. Устоз хаттотнинг изланишлари китобат соҳасидан ташқари меъморчилик, амалий санъат соҳалари билан бевосита боғлиқ бўлиб, юртимиздаги қатор иншоотларда у кишининг ижод намуналарини учратиш мумкин.

Жумладан, Тошкент шаҳридаги “Кўкча”, “Ҳазрати Имом”, “Каффол Шоший”, “Ҳасан ота”, Юнусобод, Исломобод масжидлари, Тошкент вилоятидаги Бўстонлиқ, Оққўрғон туманлари ва Чирчиқ шаҳрида, Самарқанд вилояти Каттақўрғон ва Пахтачи туманларида ва Қарши шаҳридаги жоме масжидларининг деворлари, меҳроб ва гумбазлари Салимжон домла томонидан безатилган.
Хаттотнинг ижодида адабий-маърифий китоблар устида олиб борган изланишлари алоҳида ўрин тутади. Унинг Абдулла Авлонийнинг “Туркий гулистон ёхуд ахлоқ” асарини эски ўзбек ёзувчида кўчирганини, турли хат турларида Алишер Навоийнинг “Хамса” достонига ишлаган панно ва бошқа кўплаб композицияларини мазмунга мос янги изланишлар, дейиш мумкин. Салимжон Бадалбоев хаттотлик тарихи ва ривожланиш жараёнининг билимдони сифатида турли китоб ва дарсликлар тайёрлаган. Хусусан, “Алифбо” (ҳаммуаллифликда), “Форсий хат машқлари”, “Насх хати” каби китоблари хаттотлик ва араб ёзуви сабоқлари бўйича ёшлар учун ўзига хос қўлланма ҳисобланади.

Хаттотлик ҳозирги кунда Тошкент шарқшунослик университети, Тошкент Ислом университети, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида ўргатилади.
Ҳозирда Салимжон Бадалбаевнинг шогирдлари устозларининг ишини давом эттириб келмоқда.

Амина Бойназарова 1976 йил Тошкент шаҳрида туғилган. Тошкент Давлат Иқтисодиёт университетини тамомлаган. 2018 йилда Тошкентда аёл-қизлар хаттотлик мактабини ташкил қилган. Ҳозирда Амина Бойназарова шу мактабда кўплаб шогирдлар тайёрлаб келмоқда. У хаттотлик билан 2017 йилдан шуғуллана бошлаган.
Кўргазма жорий йилнинг 27 мартигача давом этади.
Гулноза Бобоева, ЎзА