Огоҳлик ва тайёргарлик синови
Жиззах вилоятида ёз мавсумида юзага келиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, аҳоли хавфсизлигини таъминлаш ва фуқароларнинг огоҳлигини оширишга қаратилган матбуот анжумани ҳамда пресс-тур ташкил этилди.
Жиззах вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ташаббуси билан “Ёз мавсумида юзага келиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятлардан аҳоли ва ҳудудларни муҳофаза қилиш борасида олиб борилаётган ишлар” мавзусида ўтказилган тадбирда тегишли ҳамкор ташкилотлар вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари, журналист ва блогерлар иштирок этишди.
Очиқ мулоқот тарзида кечган анжуманда ёз ойларида аҳоли хавфсизлигини таъминлашнинг долзарб йўналишларига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, сув ҳавзаларида чўкиш билан боғлиқ бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш, болалар оромгоҳларида хавфсизлик чораларини кучайтириш, юқумли касалликлар профилактикаси ҳамда фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш юзасидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида атрофлича маълумот берилди.
[gallery-29685]
Тадбир давомида мутахассислар томонидан мавзу юзасидан зарур тушунтиришлар берилиб, оммавий ахборот воситалари вакилларининг саволларига батафсил жавоб қайтарилди.
Пресс-турнинг амалий қисми айниқса қизиқиш уйғотди. Унда сувда чўкаётган инсонни қутқариш ва биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича кўргазмали чиқишлар намойиш этилди. Шунингдек, фавқулодда вазиятларни бартараф этишда фойдаланиладиган махсус техника, қутқарув воситалари ва замонавий асбоб-ускуналар иштирокчиларга яқиндан таништирилди.
Мутасаддилар таъкидлаганидек, бундай тадбирлар аҳолини ёз мавсумида юзага келиши мумкин бўлган хавф-хатарлардан огоҳлантириш, хавфсизлик маданиятини юксалтириш ва бу борадаги ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.
А. Қаюмов, Ж. Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари