Хатлов жараёнида 142 миллиард сўмдан зиёд солиқ қарздорлиги ундирилди
Давлат солиқ қўмитаси, Тошкент вилояти давлат солиқ бошқармаси солиқ қарзларини ундиришни ташкил қилиш бўлими ҳамда Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида қарздорларнинг мол-мулкларини хатлаш ва солиқ қарзини ундириш тадбирлари ўтказилмоқда.
Мазкур тадбирларга 80 нафардан ортиқ ходимлар жалб этилди. Куни кеча мол-мулкларини хатлаш ва солиқ қарзини ундиришга қаратилган галдаги тадбир Оққўрғон туманидан рўхатдан ўтган “ABC Oqqo'rg'on Agro Classter” масъулияти чеканган жамиятида ташкил этилди.
Мазкур корхонанинг 2021 йил 30 июль ҳолатига 11 911,9 миллион сўм солиқ қарздорлиги мавжуд бўлиб, солиқ қарзини узиш тўғрисида талабномалар юборилган. Талабномаларда солиқ мажбуриятларини белгиланган муддатларда бажарилиши, акс ҳолда давлат солиқ хизмати органлари томонидан, Солиқ кодексининг 114-моддасига асосан, 15 кундан сўнг хатлов ишларини амалга оширилиши назарда тутилган.
Шунга қарамасдан, жамият томонидан бугунги кунгача солиқ қарздорлиги сўндирилмаган. Натижада солиқ органи раҳбари томонидан чиқарилган хатлов қарори бўйича ташкилотга тегишли бўлган техника жиҳозлари хатланди.

Шунингдек, Бекобод туманидан рўйхатдан ўтган “APK BEKABOD” унитар корхонасида ҳам хатлов тадбири бўлиб ўтди. Мазкур корхонанинг 2021 йил 30 июль ҳолатига 9 126,9 миллион сўм солиқ қарздорлиги мавжуд эди. Солиқ органлари томонидан корхонага солиқ мажбуриятларини белгиланган муддатда бажарилишини таъминлаши юзасидан талабномалар юборилган бўлса ҳам мавжуд қарздорлик ўз вақтида қопланмаган.
Шу асосида хатлов қарори чиқарилиб, жамиятга тегишли бўлган нотурар биноси ва пахта толалари солиқ қарздорлиги хисобига хатланди.
Таъкидлаш керакки, Тошкент вилоятида жорий йилнинг ўтган даврида 562,4 миллиард сўм солиқ қарзига эга 3 минг 446 та объектда хатлов тадбири ўтказилиб, 1 минг 746 та ҳолатда 142,4 миллиард сўм маблағ ундирилди. Шу билан бирга, 3 минг 446 та қарздорнинг 562,4 миллиард сўм солиқ қарздорлиги ҳисобига мол-мулклари, шундан 449 та бино ва иншоот, 761 та транспорт воситалари ва 2 минг 236 та бошқа турдаги мулклар хатланди.
Аслида давлат солиқ хизмати органлари томонидан солиқ қарздорлигининг ортиб боришига йўл қўймаслик, солиқларнинг йиғилувчанлик даражасини ошириш, маҳаллий бюджетларга тушумларни кўпайтириш мақсадида амалга оширилаётган чора-тадбирлардан кўзланган мақсад кимнидир жазолаш ёки бировнинг мулкини олиб қўйиш эмас, аксинча мамлакатда қонун устуворлигини таъминлаш, аҳоли манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилгандир.
А.Мусаев, ЎзА