Зилзила хавфига қарши қандай тайёргарлик кўрилмоқда? (+видео)
ЎзА мухбири АҚШнинг Калифорния университети лаборатория мудири, таниқли олим Шаҳзод Тоҳиров билан Бино ва иншоотлар зилзилабардошлиги экспериментал-синов маркази очилиши, ундаги ноёб асбоб-ускуналарнинг ишлаш жараёнлари, илм-фан учун муҳим аҳамияти хусусида махсус интервью уюштирди.
Шаҳзод Тоҳировнинг айтишича, бугунги кунда аҳолининг бошпанага бўлган эҳтиёжи ортиб бораётгани қурилиш соҳасида янги ёндашувларни талаб этмоқда. Айниқса, биноларнинг зилзилага бардошлилиги масаласи долзарб бўлиб, бу кўпчиликни ўйлантираётган асосий саволлардан биридир.
Олимнинг таъкидлашича, ана шу муаммоларга ечим топиш мақсадида Механика ва иншоотлар сейсмик мустаҳкамлиги институтида илмий тадқиқотлар олиб борилмоқда. Институт қошида ташкил этилган замонавий лабораторияда биноларнинг зилзилабардошлиги чуқур ўрганилмоқда.
Ушбу лаборатория ҳукумат кўмаги ва ажратилган маблағлар, шунингдек олимларнинг саъй-ҳаракатлари натижасида барпо этилган. Лабораторияга Америкадан замонавий асбоб-ускуналар олиб келинган бўлиб, уларнинг умумий қиймати тахминан бир миллион доллар атрофида.
Бу ускуналар янги қурилаётган биноларнинг зилзилага бардошли ёки бардошли эмаслигини аниқлаш имконини беради. Айниқса, махсус сейсмик платформа орқали зилзила ҳолати сунъий равишда яратилиб, бинолар моделлари синовдан ўтказилади.
Бундай лаборатория Марказий Осиёда ҳозирча ягона бўлиб, бу ҳудуд учун катта илмий ютуқ ҳисобланади. Шунингдек, у ҳозирги вақтда Америкада фаолият юритиб, ўз тажрибасини Ўзбекистондаги илмий ишларга татбиқ этаётганини ҳам қайд этди.
Олимнинг фикрича, олиб борилаётган тадқиқотлар натижалари яқин келажакда амалиётга жорий этилиб, мамлакатда қурилаётган биноларнинг хавфсизлиги ва мустаҳкамлигини янада оширишга хизмат қилади.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/BKP7YZvkXTc" title="Zilzila xavfiga qarshi qanday tayyorgarlik ko`rilmoqda? " frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Нигора Раҳмонова, Нишонбой Абдувоитов (видео), Улуғбек Тўхтаев (монтаж), ЎзА