Ҳарбийлар "Заковат"да куч синашди
Жиззах вилоятидаги ҳарбий қисм ва муассасаларда хизмат қилаётган ёшлар учун ташкил этилган навбатдаги баҳсда майдонни қурол-яроғ ёки жисмоний куч эмас, билим ва тафаккур эгаллади. “Қадринг баланд бўлсин, она тилим” шиори остида ўтказилган “Заковат” интеллектуал ўйинининг вилоят босқичида 13 жамоа ўз билими ва зукколигини синовдан ўтказди.
21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни муносабати билан ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши, Жиззах ҳарбий прокуратураси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Жиззах вилоят бўлими ҳамда ёшлар ишлари бошқармаси ҳамкорлигида ҳарбий хизматчилар ва ходимлар учун билим майдони яратилди.
Баҳсда Мудофаа вазирлигига қарашли ҳарбий қисмлар, ДХХ Чегара қўшинлари, Фавқулодда вазиятлар, Миллий гвардия, Давлат божхона бошқармалари, Чақирилувчиларни ҳарбий-техника мутахассисликлари бўйича тайёрлаш маркази ҳамда Ички ишлар вазирлиги Жиззах академик лицейи жамоалари иштирок этди.
Саволлар бир-биридан ранг-баранг. Она тили ва адабиётдан тортиб тарих, маданият, санъат, илм-фан, спорт ҳамда жаҳонда рўй бераётган воқеаларгача қамраб олинган саволлар иштирокчилардан нафақат билим, балки тезкорлик ва мантиқий мушоҳадани ҳам талаб қилди. Жамоалар жавобни биргаликда излар экан, ҳар бир аъзо ўз билими билан умумий натижага ҳисса қўшишга интилди.
Айрим саволлар эса тайёр маълумотни эслашнинг ўзи кифоя эмаслигини кўрсатди. Ностандарт ёндашув, вазиятни тез англаш ва тўғри қарор қабул қилиш зарур бўлди. Шу жиҳатдан “Заковат” ҳарбий хизматчиларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш билан бирга, уларнинг интеллектуал салоҳиятини намоён этиши учун ҳам ўзига хос маънавий майдон вазифасини ўтади.
[gallery-31847]
Тадбирнинг она тилига бағишлангани эса унинг мазмунига алоҳида маъно бағишлади. Зеро, тил – миллатнинг тарихи, маънавияти ва миллий ўзлигини асраб келаётган бебаҳо хазина. Уни билиш ва қадрлаш, айниқса, Ватан ҳимояси йўлида хизмат қилаётган ёшлар учун ҳам юксак маънавий фазилатдир.
Давлат тилини ривожлантириш борасидаги бугунги ишлар замирида аниқ вазифалар бор. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 20 октябрдаги “Давлат тилини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида ўзбек тилини таълим, илм-фан ва замонавий ахборот технологиялари билан уйғун ривожлантириш, давлат тилидан самарали фойдаланишни янада кенгайтириш вазифалари белгиланган. Бугунги каби маърифий тадбирлар ана шу вазифаларнинг ёшлар ҳаётидаги амалий ифодаларидан биридир.
Қизғин кечган беллашув якунида Давлат божхона бошқармасининг “Меркурий” жамоаси биринчи ўринни эгаллади. Мудофаа вазирлигига қарашли ҳарбий қисмнинг “Само лочинлари” жамоаси иккинчи, Миллий гвардиянинг Жиззах вилоят бошқармаси “Гвардиячилар” ҳамда вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармасининг “Қутқарувчи” жамоалари учинчи ўринни қўлга киритди.
Ғолиблар Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими ва Ҳарбий прокуратура томонидан диплом ҳамда китоблар тўплами билан тақдирланди.
А. Қаюмов, Ж. Ёрбеков (сурат),
ЎзА мухбирлари