Пахта йиғим-терими қизғин паллада
Қорақалпоғистон Республикасининг барча ҳудудларида пахта йиғим-терими ишлари давом этмоқда. Далаларда етиштирилган ҳосилни қисқа муддатларда нест-нобуд қилмай йиғиб олишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Тўрткўл туманидаги «Агро Тўрткўл текстиль кластер» масъулияти чекланган жамияти томонидан деҳқон ва фермер хўжаликлари билан жами 20 минг 758 тонна пахта хомашёсини етиштириш ва қабул қилиш бўйича шартномалар тузилган.
[gallery-31852]
Айни пайтга қадар фермер хўжаликларида етиштирилган 1 минг 601 тонна пахта йиғиб олинди. Мавсумда терим суръатини ошириш мақсадида 20 га яқин замонавий пахта териш машинаси ва бошқа техникалар жалб этилган.
Тумандаги «Пахтачи» овул фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган «Пахтачи Назарбек» фермер хўжалигида ҳам 40 гектар майдонда пахта парваришланиб, мўл ҳосил етиштирилган.
Хўжалик раҳбари Аразмаммат Аллабоевнинг айтишича, жорий мавсумда ҳар гектардан 60–65 центнердан ҳосил олиш режалаштирилган. Айни кунларда далалардаги пахтани қисқа муддатларда йиғиб-териб олиш чоралари кўрилмоқда.
Замонавий пахта териш машиналаридан фойдаланиш терим суръатини ошириш ва ҳосилни қисқа муддатларда йиғиб олиш имконини бермоқда.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат+ видео), ЎзА