Ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири бор
Бу касб мен учун оддий иш эмас, балки юксак инсоний бурч ва масъулиятдир. Ижтимоий ходим сифатида фаолиятим давомида инсонларнинг дардини тинглаш, уларнинг муаммоларига ечим топиш, энг муҳими, қалбида эртанги кунга ишонч уйғотишга ҳаракат қиламан. Мен учун ҳар бир ижобий ҳал этилган мурожаат, ҳар бир қувончли оила тақдири меҳнатимнинг энг катта натижасидир.
Тошкент вилояти Бекобод туманидаги " Бунёдкор маҳалласида комплекс ижтимоий хизмат кўрсатиш тизими асосида аҳоли билан манзилли ишлаш йўлга қўйилган. Маҳаллада 1 279 та оила, 1 103 та хонадон мавжуд бўлиб, 68 нафар ногиронлиги бўлган шахс истиқомат қилади. Асосий вазифамиз эҳтиёжманд оилаларни эрта аниқлаш, уларнинг ҳаётий вазиятини баҳолаш ва индивидуал режа асосида зарур хизматларни ташкил этишдан иборат.

Йил бошидан буён маҳаллада 120 дан ортиқ мурожаат қабул қилиниб, уларнинг 80 фоиздан зиёди ижобий ҳал этилди. Бу рақамлар ортида эса инсон тақдири, оила дарди ва уларнинг ҳаётидаги ижобий ўзгаришлар мужассам.
Фаолиятим давомида оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган кўплаб оилалар билан ишлашга тўғри келади. Ана шундай оилалардан бири Улубулсин Суюнова оиласидир. Тўрт нафар фарзандни тарбиялаётган бу оила бир неча йил давомида турмуш ўртоғининг оғир касаллиги сабаб катта қийинчиликларни бошдан кечирди. Шу даврда оиланинг ижтимоий аҳволи мураккаблашган эди.
Оиланинг эҳтиёжларини ўрганиб, уларга комплекс ижтимоий хизматлар кўрсатиш режаси ишлаб чиқилди. Ҳомийлар кўмагида озиқ-овқат маҳсулотлари етказилди, “Саховат ва кўмак” жамғармаси томонидан дори-дармон ва моддий ёрдам ажратилди. “Фаол ҳаётга қадам” дастури доирасида Улубулсин Суюнова турмуш ўртоғига қараб турувчи сифатида расмий ишга қабул қилиниб, ойлик иш ҳақи билан таъминланди.
Шу билан бирга, Бекобод тумани “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази ҳамда ҳамкор ташкилотлар кўмагида фуқаро Раҳмат Суюновнинг тизза бўғимида жарроҳлик амалиёти ўтказилди. Бугунги кунда у соғлиғини тиклаш йўлида даволанмоқда, фарзандлари эса таълим олишда давом этяпти. Айнан бу мисол яна бир ҳақиқатни тасдиқлайди: ижтимоий хизмат фақат моддий ёрдам бериш эмас, инсонни тинглаш, унинг эҳтиёжини англаш, давлат идоралари, тиббиёт муассасалари, ҳомийлар ва жамоатчиликни бир мақсад йўлида бирлаштириш демакдир.
Менинг фикримча, ҳар бир ижтимоий ходимнинг асосий вазифаси инсонни оғир вазиятда ёлғиз қолдирмасликдир. Чунки ўз вақтида кўрсатилган кўмак бир оиланинг эмас, бутун жамиятнинг келажагига ижобий таъсир кўрсатади. Шу боис комплекс ижтимоий хизмат кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш, профилактик ёндашувни кучайтириш ва маҳалла даражасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш орқали янада кўпроқ инсонларнинг ҳаётида ижобий ўзгаришларга эришиш мумкин.
Нафиса Эрматова,
Бекобод тумани Бунёдкор маҳалласида
комплекс ижтимоий хизмат кўрсатувчи ходим,
ЎзА.