Ҳамкорликда ҳикмат кўп
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз беш йиллиги олдидан “Болажон” телеканали жамоаси Жанубий кон бошқармаси ишчи-ходимлари фарзандлари иштирокида туркум кўрсатувлар тайёрлади.
Ижодий сафар давомида Нуробод туманидаги “Нуробод” маданият уйида “Болажон шоу”, Каттақўрғон туманидаги “Сўғдиёна” болаларни соғломлаштириш оромгоҳида “Эколав”, Қўшработ туман Заркент қўрғонидаги 13-мактабгача таълим ташкилотида “Қақажонлар” ва “Эртакчи болажон” каби кўрсатувлар суратга олинди.
Ўн бир кишилик ижодий гуруҳ, жумладан, Ҳуррият Якубова, бошловчи ва актёр Барот Ҳасанов, ёш бошловчилар Шероз Шамсиддинов, Хонзода Ҳусанова ва Имона Ҳасанбоева ва бошқалар, шунингдек, Иззатулла Камилов, Анвар Салимов, Дилноза Турдиқулова ва Мукамбар Гулямова каби таниқли ижодкорларнинг бу жараёндаги фаол иштироки кўрсатувларнинг янада мазмунли ва қизиқарли тайёрланишини таъминлади.
[gallery-30517]
– Болажонларимиз орасида машҳур бўлган кўрсатувлар пойтахтдаги студияда эмас, балки ҳудудларда, яъни, кончи-металлурглар фарзандлари иштирокида тайёрланиши фаолиятимизда янги қадам бўлди. Таклифимизни қўллаб-қувватлаган ташкилотчилар, шу жумладан, НКМК ходимлари касаба уюшмаси Кенгашига алоҳида миннатдорчилик билдирамиз. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, оромгоҳ ҳамда маданият уйида яратилган шароитларни кўриб, бу масканларда тарбияланаётган истеъдодли жажжи ўғил-қизларга ҳавасимиз келди. Зеро, улар бу ғамхўрликдан ҳар қанча қувонса арзийди. Келгусида Навоий кон-металлургия комбинати, НКМК ходимлари касаба уюшмаси Кенгаши билан ҳамкорликни йўлга қўйишни ният қилдик, – дейди телеканал раҳбари Дилбар Усмонова.
Яқин кунларда эфирга узатиладиган кўрсатувлар ёш авлод қалбига олам олам қувонч бағишлайди.
Дилдора Атабаева