Ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди
Сирдарё вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан Хитой Халқ Республикасига амалга оширилган хизмат сафари доирасида вилоят олий таълим муассасалари делегацияси дунёнинг етакчи таълим масканларидан бири — The University of Hong Kongга ташриф буюрди.
Ташриф доирасида университет раҳбарияти ва расмий вакиллари билан самарали мулоқот ўтказилиб, ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш масалалари юзасидан дастлабки музокаралар олиб борилди. Учрашувда Гулистон давлат педагогика университети ректори Жаҳонгир Қаршибоев, Тошкент кимё-технология институти Янгиер филиали директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари Ғиёс Дониёров ҳамда Гулистон давлат университетининг илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Дилмурод Эшмуродовлар иштирок этишди.

Музокаралар давомида қўшма таълим дастурларини жорий этиш, замонавий талабларга жавоб берадиган илмий-тадқиқот йўналишларини ривожлантириш, хусусан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлашга ихтисослашган технопарклар ташкил этиш имкониятлари атрофлича муҳокама қилинди.

– Мазкур учрашув халқаро академик ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишда муҳим қадам бўлди. Айниқса, таълим, илм-фан ва инновацияларни интеграция қилиш, қўшма илмий лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек, ёш олимлар ва талабалар учун халқаро майдонда ўз салоҳиятини намоён этиш имкониятларини кенгайтириш нуқтаи назаридан бу мулоқот алоҳида аҳамият касб этади. Биз The University of Hong Kong тажрибасини ўрганиш ва уни миллий таълим тизимига мослаштириш орқали илм-фан ва инновациялар ривожига янги суръат бағишлашни мақсад қилганмиз, – дейди Гулистон давлат университетининг илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Дилмурод Эшмуродов.

Томонлар профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинуви, академик мобилликни кенгайтириш, халқаро грант дастурларида ҳамкорлик қилиш орқали таълим сифатини янги босқичга олиб чиқиш зарурлигини таъкидладилар. Бундай ташаббуслар, ўз навбатида, Сирдарё вилояти олий таълим муассасаларининг халқаро майдондаги рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилиши қайд этилди.

Маълумот ўрнида шуни айтиш мумкинки, QS World University Rankings халқаро рейтингига кўра, 2026 йил якунлари бўйича The University of Hong Kong дунёда 11-ўринни эгаллаб, Осиё минтақасида етакчи олий таълим муассасаси сифатида эътироф этилган.
Мазкур ташриф Сирдарё вилояти таълим муассасалари учун халқаро ҳамкорлик географиясини кенгайтириш, илмий-инновацион салоҳиятни ошириш ва таълим жараёнига илғор хорижий тажрибаларни жорий этиш йўлида муҳим қадам бўлиб хизмат қилишлиги таъкидланди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири