Халқни рози қилиш – давлат бошқарувининг бош мезони
Муносабат
Бугун юртимизда давлат идоралари фаолиятининг самарадорлиги қуруқ рақамлар билан эмас, балки оддий инсонларнинг кўзидаги розилик ва ҳаётидаги ижобий ўзгаришлар билан ўлчанмоқда. Зеро, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш, бу шунчаки навбатдаги хизмат вазифаси эмас, балки жамиятнинг ижтимоий “пульси”ни ҳис қилиш, халқнинг дарду ташвишларига шерик бўлиш демакдир. Чунки ҳар бир мурожаат ортида алоҳида бир тақдир, муайян оила муҳити ва инсоннинг давлатга бўлган ишончи мужассам.
Шу боис бугунги кунда ҳар бир раҳбардан талаб этиладиган энг олий фазилат фуқаронинг муаммосига ўз шахсий муаммосидек қараш ва унинг ечимида аниқ натижага эришишдир. Фақат очиқ мулоқот ва ҳаққоний таҳлил орқали мавжуд камчиликларни юзага чиқариш, жамиятда ижтимоий барқарорликни таъминлаш мумкин.
Айнан шу нуқтаи назардан Президентимиз раислигида 13 март куни ўтказилган видеоселектор йиғилиши аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимида туб бурилиш ясаган муҳим воқеа бўлди.
Йиғилишда таъкидланганидек, муаммони шунчаки “ёпиш” ёки қуруқ жавоб хатлари билан чекланиш каби эски ёндашувлар бугунги кун талабига жавоб бермайди. Эндиги асосий вазифа мурожаатларнинг пайдо бўлиш сабабларини бартараф этиш, уларни маҳаллабай ва хонадонбай таҳлил қилиш орқали муаммоларни илдизидан ҳал этишдан иборат.
Шу билан бирга, йиғилишда мурожаатлар билан ишлашдаги қатор камчиликлар ҳам очиқ танқид қилинди. Хусусан, айрим раҳбарлар томонидан мурожаатларга формал ёндашув сақланиб қолаётгани, жойларда эса номига сайёр қабуллар ўтказилаётгани қайд этилди. Бундай ҳолатлар натижасида кўплаб масалалар ўз вақтида ҳал этилмай, фақат ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинганидан кейингина ечим топмоқда. Табиийки, бу аҳолининг давлат органларига бўлган ишончига салбий таъсир кўрсатади.
Айниқса, такрорий мурожаатлар сонининг ортиб бораётгани муаммолар тизимли равишда ҳал этилмаётганидан далолат беради. Жумладан, Тошкент шаҳри ва вилоятида юз минглаб мурожаатларнинг ярмидан кўпи ечимсиз қолгани, айрим ҳудудларда эса бир хил масалалар бўйича қайта-қайта мурожаатлар келиб тушаётгани бу борада жиддий чоралар кўриш зарурлигини кўрсатади.
Мурожаатлар мазмуни таҳлили эса уларнинг асосий қисми ички ишлар, мажбурий ижро, энергетика, бандлик ва соғлиқни сақлаш соҳаларига тўғри келаётганини кўрсатмоқда. Хусусан, алимент масаласи бўйича 70 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг қарийб 30 фоизи ҳал этилмасдан қолмоқда. Бу ҳолат, аввало, алимент тўловчиларнинг расмий даромадга эга эмаслиги ва бандлик масалалари етарли даражада ҳал этилмаётгани билан боғлиқ.
Шунингдек, инфратузилма йўл, электр, сув ва канализация тизимлари билан боғлиқ муаммолар бўйича 100 мингдан ортиқ мурожаат қайд этилгани аҳоли турмуш сифатига бевосита таъсир кўрсатаётган омиллардан бири бўлиб қолмоқда. Бундан ташқари, давлат хизматлари кўрсатишдаги бюрократик тўсиқлар ҳам аҳолининг норозилигига сабаб бўлмоқда.
Йиғилишда давлатимиз раҳбари томонидан мутлақо янги ёндашув илгари сурилди. Унга кўра, эндиликда мурожаатларни кўриб чиқиш фақат уларни ҳал қилиш билан чекланмайди, балки муаммоларнинг келиб чиқиш сабабларини бартараф этишга қаратилган тизим жорий этилади. Шу мақсадда Халқ қабулхоналари оддий қабул қилувчи орган эмас, балки ҳудудлардаги муаммоларни чуқур таҳлил қиладиган ва уларнинг илдиз сабабларини аниқлайдиган марказга айлантирилади.
Бу жараёнда институционал ўзгаришлар ҳам муҳим ўрин тутади. Хусусан, мурожаатларни тизимли таҳлил қилиш бўйича махсус назорат гуруҳлари ташкил этилади, давлат органлари фаолияти рейтинг асосида баҳоланади, Ҳукуматда тезкор штаблар ишга туширилади. Шунингдек, мурожаатларни кўриб чиқиш тартибини бузган идораларга нисбатан таъсир чоралари кучайтирилади.
Албатта, мазкур жараёнда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг ҳам роли беқиёс. Чунки ҳар бир ҳудудда амалга оширилаётган ишлар, мурожаатлар билан ишлаш самарадорлиги айнан Кенгашлар томонидан муҳокама қилиниб, жамоатчилик назорати остида олиб борилади.
Депутат сифатида айтиб ўтишим жоизки, аҳоли билан доимий мулоқотда бўлиш, уларнинг дардини эшитиш ва муаммоларини тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда ҳал этиш бизнинг энг асосий вазифамиздир. Шу маънода, ҳар ой ҳокимларнинг мурожаатлар билан ишлаш бўйича режалари маҳаллий Кенгашларда тасдиқланиши ва аҳолига етказилиши депутатлик корпуси зиммасига янада катта масъулият юклайди.
Хулоса қилиб айтганда, аҳоли мурожаатлари, бу шунчаки статистик кўрсаткичлар эмас, балки жамиятнинг ижтимоий “пульси”дир.
Биргина алимент масаласи бўйича қилинган 70 мингта мурожаат ортида минглаб болаларнинг тақдири, уларнинг эртанги кунга бўлган ишончи ва муносиб ҳаётга бўлган эҳтиёжи мужассам.
Шунингдек, жойларда масъул раҳбарлар халқ ичига кириб, муаммони хонадонбай ўрганган тақдирдагина, “бюрократия музлари” эришни бошлайди. Бу жараёнда депутатлик назорати шунчаки кузатувчи эмас, балки халқ ва давлат ўртасидаги мустаҳкам кўприк, адолат тарозиси вазифасини бажариши зарур.
Фаррух АБДУҲАМИДОВ,
Халқ депутатлари
Арнасой тумани Кенгаши депутати.
ЎзА