Халқаро таълим кўргазмаси ёшлар учун ажойиб имконият
Навоий шаҳридаги “Ёшлар маркази”да битирувчи ёшларни хорижий ва маҳаллий олий ўқув юртларида таълим олиш имкониятлари билан таништириш, олий ўқув юртлари ўртасида тажриба алмашиш мақсадида “Таълим ва касб – 2026” халқаро таълим кўргазмаси ташкил этилди.
Кўргазмада ёшларга 10 дан ортиқ олий таълим муассасалари вакиллари ўз олийгоҳлари тўғрисида атрофлича маълумотлар беришди.
Profi University 2021 йил декабрь ойида ўз фаолиятини бошлаган бўлиб, таълим орқали танқидий фикрлай оладиган, билимли ва салоҳиятли мутахассисларни тайёрлашга алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. Бу ғоя таълим жараёнида амалий ёндашув, замонавий дастурлар ва талабаларни ҳар томонлама ривожлантириш орқали рўёбга чиқарилмоқда.

– Ҳозирги кунда Profi University нинг Навоий филиалида 2000 дан ортиқ талаба таҳсил олмоқда, – дейди таълим муассасасининг маънавий-маърифий ишлар бўйича масъул ходими Мавлуда Ўроқова. – Абитуриентлар университетга кириш имтиҳонлари асосида қабул қилинади ва улар учун 15 та турли йўналиш бўйича таълим олиш имконияти яратилган. Талабалар учун яна бир муҳим имконият “2+2” тизими бўлиб, унга кўра 2 йил Ўзбекистонда, 2 йил эса хорижий университетларда таҳсил олиш мумкин. Бу эса талабаларга халқаро тажриба орттириш ва замонавий билимларга эга бўлиш имконини беради. Шунингдек, ўқиш жараёнида ўз соҳаси бўйича амалий кўникмаларни шакллантиришга, яъни амалиётга алоҳида эътибор қаратилади.
Битирувчиларни иш билан таъминлаш масаласи ҳам университет раҳбарияти диққат марказида бўлиб, уларни келгусида муваффақиятли карьера қуришга тайёрлаш асосий вазифаларимиздан бири ҳисобланади.

Албатта, сўнгги йилларда юртимизда халқаро таълимга бўлган қизиқиш сезиларли даражада ошиб бормоқда. Янги ва замонавий университетлар пайдо бўлиб, ёшларга кенг имкониятлар яратмоқда. Ана шундай таълим муассасаларидан бири University of Digital Economy and Agrotechnologies – Рақамли иқтисодиёт ва агротехнологиялар университети бўлиб, у 2022 йилда Тошкент шаҳрида ташкил этилган.
– Олийгоҳимиз талабалари Буюк Британия таълим стандартлари асосида таҳсил олади, – дейди университетнинг биринчи проректори Шерзод Актамов. – Энг муҳими, битирувчилар хорижга чиқмасдан туриб, халқаро даражада тан олинадиган британ дипломини қўлга киритади. Бу эса уларнинг келгусидаги касбий фаолияти учун муҳим устунлик яратади. Университетда 3 ва 4 йиллик бакалавр ҳамда грант дастурлари ҳам мавжуд бўлиб, улар талабалар учун катта имкониятлар эшигини очади. Жумладан, Агробанк томонидан тақдим этиладиган грант доирасида таълим харажатлари тўлиқ қоплаб берилади. Умуман олганда, университетимиз замонавий таълим, халқаро стандартлар ва қулай шартларни ўзида мужассам этган таълим муассасаси ҳисобланади. У талабаларга нафақат билим, балки халқаро даражада рақобатбардош бўлиш имкониятини ҳам беради.

Кўргазмада иштирок этган ёшлар олий таълим муассасалари масъулларидан қабул жараёнлари, ўқиш учун ариза топшириш тўғрисида маълумотлар олди.
– Мен Навоий шаҳридаги 1-умумтаълим мактабининг 11-синфида таҳсил оламан, – дейди Диёра Файзуллаева. – Инглиз тилидан IELTS 6 сертификатини қўлга киритганман. Дугоналарим билан бугунги таълим кўргазмасига келиб, олий таълим муассасалари вакиллари билан учрашдик ва муҳим маълумотларга эга бўлдик. Университетларда талабалар учун яратилган шароитлар, ўқув жараёнлари, бизнес таълим дастурлари, малака ошириш, амалиёт ўтиш дастурлари, грант ва стипендиялар, хорижда бепул таълим олиш имкониятлари ҳақида ўзимизни қизиқтирган саволларга жавоб олдик.
Албатта, ёшларимизнинг олий таълим муассасаларида ўқиб, юртимиз равнақига ҳисса қўшадиган малакали мутахассислар бўлиб етишишлари муҳим аҳамиятга эга. Бу каби кўргазмаларнинг ташкил этилиши эса улар учун ажойиб имкониятдир.
Абдували Бўриев, ЎзА