Давомат масаласи кун тартибида: “ақлли” камералар нима беради?
Бугунги кунда таълим тизимида рақамлаштириш жараёнлари изчил давом этмоқда. Шу билан бирга, мактабларда замонавий технологиялардан фойдаланиш, жумладан, “ақлли” камералар орқали ўқувчилар давоматини назорат қилиш масаласи ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Мазкур ҳолат юзасидан ваколатли ташкилотлар расмий муносабат билдирди.
Қайд этилишича, бу борада Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Мудофаа вазирлиги ҳамда Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасининг 2025 йил 18 сентябрдаги қўшма қарори билан тасдиқланган тегишли Низом мавжуд.
Низом талабларига кўра, мактаб ўқувчиларининг давомати синф миқёсида фан ўқитувчилари ва синф раҳбарлари томонидан “e-maktab” платформаси орқали ҳар куни белгилаб борилади.
Шунингдек, мактабда фаолият юритувчи инспектор-психолог томонидан сабабсиз дарс қолдирувчи ўқувчиларнинг ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларга дастлаб ўрнатилган тартибда расмий огоҳлантириш хати юборилади.
Бунда ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслардан ўқувчининг мактабга таълим олиш учун мунтазам боришини таъминлаш сўралади ҳамда мазкур қонуний талабни бажармаслик уларга нисбатан тегишли қонуний жавобгарлик белгиланишига сабаб бўлиши ҳақида огоҳлантирилади.
Бундан ташқари ўқувчиларнинг мунтазам равишда дарсларга қатнашмаслик ҳолатлари аниқланганда, ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддасига кўра тегишли жавобгарликка тортиш чораси кўрилади.
Айни вақтда пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманидаги айрим мактабларга синов тариқасида ўрнатилаётган “ақлли” камералар мазкур жараёнларни янада самарали ташкил этишда мактаб маъмуриятига кўмак бериши табиий.
Бу эса нафақат мактаб жамоаси, балки ота-оналарнинг ҳам ўз фарзандларини таълим олиши ва дарсларга қатнашишини онлайн назорат қилиш, шунингдек, уларнинг хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддасига асосан ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан вояга етмаган болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик, шу жумладан, вояга етмаган болаларнинг маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этишига олиб келиши — базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан беш бараваригача миқдорда, худди шундай ҳуқуқбузарликлар маъмурий жазо чораси қўлланилгандан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса — базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА