Халқаро илмий ҳамкорлик йўлида муҳим қадам
Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиали “Зооинженерия” кафедраси ўқитувчиси, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори (DSc) А.Уримбетов Хитой Халқ Республикасининг Урумчи шаҳрида бўлиб ўтган “2026 China–Central Asia Industry–University–Research–Application Cooperation Conference” халқаро конференциясида иштирок этди.
Мазкур нуфузли халқаро анжуман Хитой Халқ Республикаси Таълим вазирлиги ҳамда Шинжон – Уйғур автоном райони халқ ҳукумати ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда Хитой ва Марказий Осиё мамлакатларининг олий таълим муассасалари, илмий-тадқиқот институтлари, ишлаб чиқариш корхоналари ҳамда соҳа мутахассислари жам бўлди.

Конференция давомида илм-фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини янада мустаҳкамлаш, замонавий илмий ишланмаларни амалиётга жорий этиш, инновацион технологиялар алмашинувини кенгайтириш, шунингдек, аграр соҳада халқаро илмий ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Анжуман доирасида А.Уримбетов ўзининг илмий маърузаси билан иштирок этиб, соҳага оид долзарб масалалар, амалий тадқиқотлар натижалари ҳамда илмий ёндашувлар юзасидан тақдимот қилди.

Қорақалпоғистонлик олимнинг мазкур халқаро анжумандаги иштироки филиалнинг халқаро илмий алоқаларини кенгайтириш, хорижий олий таълим ва илмий муассасалар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда профессор-ўқитувчиларнинг халқаро илмий майдондаги фаоллигини ошириш йўлидаги навбатдаги муҳим қадамлардан бири бўлди.
Бундай нуфузли халқаро конференцияларда иштирок этиш илғор илмий тажрибаларни ўрганиш, ўзаро тажриба алмашиш, истиқболли илмий ташаббусларни қўллаб-қувватлаш ҳамда келгусида қўшма илмий-тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш учун кенг имкониятлар яратади. Бу эса, ўз навбатида, мазкур олий ўқув юртининг илмий салоҳиятини юксалтириш, халқаро ҳамкорлик географиясини кенгайтириш ва аграр таълим ҳамда илм-фан ривожига муносиб ҳисса қўшишга хизмат қилади.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири